Surxondaryo viloyati hokimligi
Оналик ва болаликни муҳофаза йўлида халқаро ҳамкорлик
Оналик ва болаликни муҳофаза йўлида халқаро ҳамкорлик

Сурхондарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Руминия ҳукумати тақдим этган тиббий жиҳозларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Руминия элчихонаси молиявий кўмагида сотиб олган замонавий жиҳозларни тантанали топширишга бағишланган тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Иноятов, ЮНИСЕФ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари М.Мамедзаде ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаб, тиббий маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Жамиятимизда юз бераётган бу каби ўзгаришлар самарадорлигини оширишда Бирлашган Миллатлар ташкилоти, шу жумладан, ЮНИСЕФ Болалар жамғармасининг ўз ўрни бор. Сўнгги йилларда ташкилот нафақат мамлакатимиз балки Сурхондарё вилоятида ҳам болалар ҳуқуқи билан боғлиқ таълим, тиббиёт соҳаларида қатор лойиҳаларни амалга ошириб, мавжуд муаммолар ечимида фаол иштирок этмоқда. Жорий йил воҳада ташкилотнинг ҳудудий офиси фаолият бошлагани вилоятга кўрсатилаётган гуманитар ёрдам ҳажмини сезиларли даражада ошириш баробарида мазкур офис орқали қўшни Афғонистон болаларининг ҳуқуқларини таъминлаш лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кенг имконият яратди.

Сурхондарё вилоятида таълим, тиббиёт соҳаларини қўллаб-қувватлаётган ЮНИСЕФ шу йил воҳадаги 15 та ижтимоий-руҳий қўллаб-қувватлаш ва ташхис марказларига 60 минг доллар миқдоридаги замонавий офис ва ахборот технологиялари жиҳозлари, болаларни ривожлантирувчи ўйинчоқлар етказиб берди. Термиз шаҳрида биринчи тиббий-санитар ёрдами кўрсатиш тизимини ривожлантириш лойиҳасини йўлга қўйди. Мазкур лойиҳа доирасида Сурхондарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига Руминия элчихонаси молиявий кўмагида қиймати 42 минг долларлик янги туғилган чақалоқларни реанимация қилишда фойдаланиладиган замонавий тиббий асбоб-ускуналар, диагностика воситалари ва бошқа зарур тиббий асбобларни етказиб берди.

Шунингдек, Термиз шаҳри, Термиз ва Музработ туманида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш учун олтита “Тез тиббий ёрдам” машинасини туҳфа қилди. Шу куни тадбир иштирокчилари ЮНИСЕФ кўмагида таъмирланган Қизил ярим ой жамияти Сурхондарё вилояти ташкилоти биноси ва ташкилотда янгидан барпо этилган иккита контейнер омборхонаси билан танишди.

ЮНИСЕФ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде воҳа маҳаллаларидаги хотин-қизлар фаолларининг иш самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган 700 дона планшет топширди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб ўтган тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Руминиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэль Кристиан Чобану сўзга чиқди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири

Izoh qoldirish

So‘rovnoma
Saytimizning yangi talqini sizga yoqdimi?

Bog'lanish
Sayt Surxondaryo viloyati hokimligi huzuridagi, Axborot kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish markazi mutaxassislari tomonidan yaratilgan.