Тожикистонлик сармоядорлар Сурхондарёда тўртта лойиҳани амалга оширади

Хатлон вилояти ва туманлари ҳокимлиги, тегишли ўринбосарлари, ташкилот, корхона, муассасалар, фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлар Сурхон воҳасида замонавий саноатни ривожлантириш, хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Сафарнинг иккинчи куни вилоят ҳокимлигида Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ишбилармонларининг бизнес форуми ташкил этилди.

Бизнес форумда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Хатлон вилояти раиси Қурбон Ҳакимзода икки қўшни вилоятнинг шаҳар ва туманлари ҳокимлари, соҳа раҳбарлари, ишбилармонлар доираси вакилларини ўзаро ҳамкорлик, яқин қўшничилик ришталари янги босқичда ривожланаётгани билан табриклади. 

Ҳудудлараро савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда икки вилоят ишлаб чиқарувчилари ресурслари ва технологик имкониятларини бирлаштиришнинг кенг истиқболлари ҳақида атрофлича сўз юритди. Мазкур тадбир ҳам ҳудудлардаги тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб, ўзаро манфаатли лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Мамлакатларимиз Президентларининг ташаббуси билан сўнгги йилларда ўзбек ва тожик халқининг кўп асрлик азалий дўстлик алоқалари янги босқичда бўй кўрсатиб, изчил ривожланмоқда.  

Айни пайтда Сурхондарё вилоятида тожикистонлик тадбиркорлар сармояси иштирокида 25 корхона фаолият юритмоқда. 2019-2020 йилларда 14 та лойиҳани амалга ошириш учун тожикистонлик инвесторлар 10,1 миллион АҚШ доллар қийматидаги чет эл сармоясини киритди. 2021-2022 йилларда ён қўшни давлат тадбиркорлари вилоятга тўртта турли лойиҳани амалга ошириш учун 24 миллион АҚШ доллар қийматида маблағ киритади.

Ўтган йили вилоятнинг Тожикистон Республикаси билан ташқи савдо айланмаси 21,5 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 128 фоизга ўсди. 13 миллион АҚШ доллар қийматидаги маҳсулот экспорт, 8,5 миллион АҚШ долларлик маҳсулот импорт қилинди.

Вилоятда 5 та тожик миллий-маданий маркази фаолият юритмоқда. 80 та умумтаълим мактабида ёш авлодга тожик ва ўзбек-тожик тилларида таълим-тарбия берилаётир. Термиз давлат университетида тожик тилидаги мактаблар учун малакали кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.  

Икки қўшни вилоят ишбилармонларининг бизнес-форумида Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари, жумладан, Сурхондарё ва Хатлон вилоятларининг инвестицион имкониятлари, экспорт салоҳияти тўғрисидаги тақдимот ҳам ўтказилди.

Унда Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Анвар Орипов, Хатлон вилояти ҳокимининг ўринбосари Заробиддин Қудрат Файзуллозода бизнес форум иштирокчиларини ҳудудларнинг инвестиция, экспорт, туризм салоҳияти ва имкониятлари билан яқиндан таништирди. Экспорт ва инвестиция келишувларига эришилди.

– Туманимиздаги барча мактаб ўқувчилари учун кийим-кечак ишлаб чиқарамиз, – дейди Қўбодиён туманидаги “Мавлуда” ЖММ корхонаси раҳбари Мавлуда Турғунова. – Бу йил вақт кам қолгани учун буюртмаларни ўз вақтида бажаришга имкониятимиз етмай турган эди. Термиз шаҳридаги замонавий тикувчилик корхонаси фаолияти билан танишгач, бу ерда ишлаб чиқарилаётган тайёр кийим-кечаклар бизга жуда манзур бўлди. Шу боис ўзаро ҳамкорлик шартномасини имзоладик. Мазкур корхонанинг ўқувчиларимиз учун белгиланган муддатда арзон ва сифатли мактаб формаси тайёрлаб беришига ишонамиз.

Тадбир доирасида Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари, шунингдек, икки вилоятнинг шаҳар ва туманлари ҳокимлари ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича меморандумлар имзолади.  

Бизнес форумда Тожикистоннинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода иштирок этди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

Izoh qoldirish

So‘rovnoma
Surxondaryo viloyati hokimligi faoliyatini qanday baholaysiz?

Bog'lanish
Sayt Surxondaryo viloyati hokimligi huzuridagi, Axborot kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish markazi mutaxassislari tomonidan yaratilgan.