Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сайёр тиббий кўрик беморлар дардига малҳам бўлмоқда
Сайёр тиббий кўрик беморлар дардига малҳам бўлмоқда

Термиз шаҳрида соғлиқни сақлаш вазирлигининг Сурхондарё вилоятидаги сайёр тиббий қабули бошланди.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий маданиятини юксалтириш, беморлар дардига малҳам бўлиб, юртдошларимизнинг жамиятдаги қадрини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга асосан эндиликда хасталикка чалинган беморларнинг пойтахтга бориб тиббий кўрикдан ўтиши ва даволанишига чек қўйилиб, энг тажрибали профессорлар, етук шифокорлар бевосита ҳудудларда сайёр тиббий қабуллар ташкил этмоқда. Соғлиғидан шикоят қилаётган юртдошларимизни  жойида бепул сифатли тиббий кўрикдан ўтказиб, тиббий ёрдамга муҳтожлик даражаси асосида Тошкент шаҳри, вилоят ва туманда даволаш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, юқори тиббий амалиёт талаб этиладиган мурожаатчиларга шу ернинг ўзида ордер расмийлаштирилаётир.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Соғлиқни сақлаш вазири Бехзод Мусаев Термиз шаҳридаги “Амударё болалар соғломлаштириш оромгоҳида эрта тонгдан бошланган сайёр тиббий хизмат кўрсатиш жараёнлари билан танишди. Профессор-шифокорлар, соҳа мутахассислари ва мурожаатчиларга яратилган шароитларни кўздан кечирди. Аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатаётган шифокорлар билан суҳбатлашди. Ордер расмийлаштириш тартиби билан қизиқди.

–Давлатимизга мингдан минг раҳмат, – дейди Олтинсой туманилик меҳнат фаҳрийси Хушбоқ Норқобилов.– 91 ёшда бўлдим. Шу пайтгача халқ манфаати бундай улуғланган ва одамларнинг саломатлиги ҳақида бу даражада қайғурилган замонни  кўрмаганман. Қаранг, бир бемор пойтахтга бориб-келиш учун қанча овора бўлар эди.

 Отасига раҳмат, энди ўша халқимиз дардига дармон излаб талпинадиган пойтахтлик профессорлар беморларни шу ернинг ўзига келиб, тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Бу жуда катта гап. Мана сизга инсон қадрини улуғлаш. Баъзи беморларнинг йўл харажатларини қарз олиб, пойтахтимизга бориб, даволаниб келганини ҳам эшитганмиз. Қарилик сабабиданми, билмайман – юрагим оғрийди. Қулоқларим яхши эшитмай қолган. Шу масалада учрашиб, ёрдам сўраган эдим, пойтахтда даволаниш учун жойида ордер ёзиб беришди. Ишим жуда тез ҳал бўлганидан ёш боладек суюниб кетдим. Ватанимизга тинчлик, мана шундай эзгу ишларга бош бўлаётган Президентимизга узоқ умр ва шифокорларимизга сиҳат-саломатлик тилаб дуо қилдим. 

Сайёр тиббий кўрик доирасида мурожаатчилар учун очиқ мулоқот ташкил этилиб, беморлар ва уларга хамроҳлик қилиб келган яқинларининг дарду-ташвишларини тинглади. Соғлигида жиддий муаммо аниқланган беморларни пойтахтдаги етакчи клиникаларда бепул даволаш учун йўлланма бериладиган бўлди. Соғлиғидан шикоят қилган айрим мурожаатчиларни вилоят марказидаги тиббиёт муассасаларида даволаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

–Болаликдан биринчи гуруҳ ногирониман, – дейди Шўрчи тумани Бахшитепа маҳалласида яшовчи Ихтиёр Алиёров.– Битта кўзим кўрмайди. Шу йил 43 ёшга тўлдим. Энди иккинчи кўзим ҳам хиралаша бошлади. Уни даволатишга маблағ масаласида қийналиб турган эдим. Бу муааммони Соғлиқни сақлаш вазирига айтган эдим, шу ернинг ўзида ўрганиб чиқиб, жойида ечимини топиб берди. Эртага вилоят кўз касалликлари шифохонасида аниқ ташхис қўйилгач, бепул даволанадиган бўлдим. 

Вилоятнинг Термиз шаҳри ва барча туманлардан келган мурожаатчилар учун сайёр тиббий кўрик давом этмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, 
ЎзА мухбири

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.