Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
"Бойсун баҳори" фестивали 7-8 май кунлари ўтказилади

Жорий йилнинг 7-8 май кунлари тоғли Бойсун туманидаги сўлим Паданг қишлоғида “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган фестивалга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 февралдаги “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ анъанавий фестивалда мамлакатимизда фаолият юритаётган фольклор жамоаларининг 200 дан ортиқ вакили ўз ҳудудларига хос либос ва қадимий куй- қўшиқлар билан фаол иштирок этади.

– Фестивалда мамлакатимиз ва хорижий давлатларда ўзларининг ноёб, бетакрор санъатлари билан мухлисларини хушнуд этиб келаётган фольклор-этнографик жамоалар иштирокига алоҳида эътибор қаратилган, – дейди вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи Д.Бобоёров.

Минг йиллардан буён мамлакатимизда асраб-авайлаб келинаётган бундай нодир ва ноёб бойликларнинг “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивалида кенг тараннум этилаётганида чуқур маъно бор. Зеро, дунё аҳлини ўз бағрига чорлаётган мафтункор Бойсун – ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси” дурдонаси сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда ЮНЕСКОнинг “Инсониятнинг номоддий маданий мерос” репрезентатив рўйхатига киритилган.

Миллий қадрият ва анъаналаримиз шарафланадиган шодиёна доирасида миллий кураш мусобақаси, этноспорт, веломарофон, улоқ-кўпкари, варрак учириш, арқон тортиш, чиллак ва бошқа халқ ўйинларига ҳам кенг ўрин ажратилган.

Фестиваль якунида энг яхши фольклор-этнографик ва энг яхши ўтов-уй ўрнатган жамоалар, спорт ва халқ ўйинлари ғолиблари муносиб тақдирланади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.