Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Эзгулик чегара танламайди: Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами етказиб берилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг биродар Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами ҳам икки мамлакат халқлари бирдамлиги, бирлигининг яна бир ифодаси бўлди.  Uн, ёғ, гўшт, гуруч ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, тиббий буюмлар ва болалар трикотаж маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик ёрдами 25 та вагондан иборат эзгулик поездида Афғонистон Ислом Амирлигига етказиб берилди.

Шу муносабат билан дастлаб “Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўли “Ҳайратон” станциясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид, Балх вилояти губернатори Қудратилло Aбу Ҳамза ва бошқа расмийлар иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Шундан сўнг “АСТРАС” ОАЖ қабуллар уйида ташкил этилган расмий маросимда Aфғонистон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига Ўзбекистон Республикаси Президентининг биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг амалий ифодаси сифатида баҳоланди.

Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид бутун афғон халқи номидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевга бугунги синовли даврда мамлакатга кўрсатилаётган бундай юксак эътибори, қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Балх вилояти губернатори Қудратилло Aбу Ҳамза инсонпарварлик ёрдами ўз вақтида берилибгина қолмай, балки алоҳида эҳтиёж эканлигини, бу эса халқларимиз ўртасида асрлар оша давом етиб келаётган тарихий, маданий ва маънавий алоқаларнинг яна бир исботи эканлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бу ёрдам аслида Aфғонистонга пандемия оқибатларини бартараф этишга, шунингдек, мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган гуманитар ва озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга хизмат қилади.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакиллари билан икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, чегараолди савдосини ривожлантириш, Сурхондарё ҳамда Балх вилоятлари  ўртасидаги қўшма Ишчи комиссияси фаолиятини давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Самимий руҳда кечган мулоқотлар икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли муносабатлар ва стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.