Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Тўра Боболов: “Янги Ўзбекистонни барпо этишда янада фаол бўлишимиз керак”

Видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган сессияни ҳудудлардан сайланган вилоят кенгаши ҳамда туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, секторлар раҳбарлари, ҳокимликларнинг котибият мудирлари, алоқадор ташкилот ва муассасалар бошлиқлари ҳам бевосита кузатиб борди.

Сессияда кенгаш раиси, вилоят ҳокими Тўра Боболов давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” номли суҳбати халқимизни янада юксак марраларни эгаллашга ундаётгани, жорий йилнинг 20 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан ўтказган очиқ мулоқоти кенг жамоатчилик томонидан оламшумул тарихий воқеа сифатида қабул қилинганини таъкидлади.

– Хабарларингиз бор, ўтган ҳафта мамлакатимиз ҳаётида унутилмас из қолдирган иккита воқеа бўлди, – деди Т.Боболов. – Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири билан суҳбати чоп этилди. Унда мамлакатимиздаги демократик жараёнлар моҳияти, юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар, ислоҳотларни янада ривожлантириш учун мавжуд имкониятлар, Ватанга ва фидойи халқимизга муҳаббати ўз ифодасини топган. Бу интервьюни ҳар биримиз астойдил ўқиб, унинг мазмунини теран ҳис этган ҳолда Янги Ўзбекистонни барпо этишда янада фаол бўлишимиз керак.

Иккинчидан, Президентимиз мамлакатимиз тарихида илк марта тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, олти соат давомида уларнинг таклиф ва муаммоларини тинглади. Шунга мувофиқ тадбиркорларимиз дуч келаётган муамммоларни ҳал этишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш белгилаб берилди. Ўтган йилларда тадбиркорларга яратилган шароитлар, қўлланилган имконият ва переференциялар атрофлича таҳлил қилинди. Галдаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур интервьюда баён этилган фикрлар ва Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини халқимизга, тадбиркорларга ҳаётий мисоллар билан етказиш лозим.

Сессияда сўзга чиққан депутатлар давлатимиз раҳбарининг интервьюси ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини аҳоли кенг қатламларига етказишда депутатлар ва фаоллар олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритди. Таклиф ва тавсияларини билдирди.

Сессияда, шунингдек, вилоят ҳаётига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.