Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарёда ҳам йўллар равон бўладими?

Туман ва шаҳар студияларида ҳудуддан сайланган депутатлар, секторлар раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари ва масъул ходимлари қатнашди.
Сессияда кун тартибидаги масала юзасидан “Сурхондарёавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти директори Ж.Қиличевнинг ахбороти тингланиб, муҳокама этилди.

Таъкидландики, воҳада Ўзбекистон Республикаси “Автомобил йўллари тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоятда 16 минг 170 километрдан ортиқ умумфойдаланувдаги йўл мавжуд. Сўнгги йилларда олиб борилган ўрганнишларга кўра, мавжуд йўлларнинг 2 минг 833 километри ёки 33 фоизи яроқсиз ҳолга келиб қолгани аниқланган. Дастурга мувофиқ жорий йилда унинг 289,5 километри ёки 8,8 фоизини таъмирлаш режалаштирилиб, 254 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилган.
Ўтган йили пандемия шароитида 200 километр ички йўл таъмирланган бўлса, жорий йилда 1 минг 643 километр ички йўлда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шундан 440 километрига асфальт ётқизилмоқда.

– Бу йил манзилли дастур ва дастурдан ташқари вилоятда мавжуд 771 та маҳалланинг 580 тасида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, – деди “Сурхондарёавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти директори Ж.Қиличев. – Воҳада йўлларнинг ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилган. Белгилаб олган режамизга кўра кейинги тўрт йилда ҳудудда биронта тупроқ кўча қолмайди. Масалан, ўтаётган йилнинг ўзида 645 километр ички йўлларга ҳашар усулида тош ётқизиш белгиланган. Ҳозиргача 486 километр тупроқ йўл тошланди.

Сессияда депутатлар, журналист ва блогерлар йўлларни таъмирлаш ишлари суст кечаётгани, айрим йўлларда иш бошлангач, йил охиригача ҳам якунланмай қолаётгани ҳақида атрофлича фикр юритди. Масалан, Термиз шаҳридаги Ибн Сино кўчасида бошланган таъмирлаш ишлари икки ярим йилдан буён тугамаётгани ўртага ташланди. Бир кўчада иш бошлангач, уни якунламай бошқа кўчада таъмирлаш ишлари олиб борилаётганига жиддий эътирозлар билдирилди.

Манзилли дастурга киритилган йўлларнинг белгиланган муддатларда ишга туширилмай қолаётгани билан қизиқди. Давлат дастурлари асосида йўл қурилиш ишлари олиб борилаётган ички хўжалик йўлларини қуриш ва таъмирлаш жараёнларида депутатлик назоратини йўлга қўйиш учун йўл ишларини фойдаланишга топширишда маҳаллий кенгашлар депутатлари иштирокини таъминлаш таклифи илгари сурилди.

Қизғин бахс-мунозараларга бой бўлган сессияда шунингдек, Термиз шаҳри ва туманларда жамоат транспортини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ў.Очиловнинг ҳисоботи ҳам эшитилди. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид бошқа қатор масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.

2 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.