Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Ўтмишда эски Термиз “Эрлар шаҳри” бўлганми?

Юнон – Бақтрия подшоҳлиги ҳукмронлиги даври (мил. авв. III-II асрлар)да Термиз Бақтриянинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, у воҳанинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим аҳамият касб этган. Бу даврда шаҳар 10 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган ва Шимолий Бақтриянинг энг йирик марказларидан бири ҳисобланган. Кушонлар даврида Термиз Бақтриянинг ижтимоий – сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим рол ўйнаган. Шаҳарда кўплаб маҳобатли маъмурий ва ижтимоий бинолар барпо этилган, ҳунармандчиликнинг турли соҳалари, савдо – сотиқ юксалган. Шаҳар Амударё бўйидаги асосий порт шаҳрига айланган. Шаҳар портидан чиққан катта қайиқ ва кемалар қадимги Хоразм ва ундан Узбой орқали Каспий денгизигача сузиб борган. Кушонлар даврида Термиз шаҳри буддавийлик дини ва маданиятининг Ўрта Осиёдаги энг йирик маркази саналган. Кушон салтанатининг илм – фан ривожланган марказларидан бири ҳисоланган.

– Кушонлар салтанати инқирозга учрагач, шаҳар алоҳида ҳокимлик сифатида маълум вақт сосонийлар, эфталийлар кейинчалик Турк хоқонлиги таркибига кирган, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят туризм ва спорт бош бошқаармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев. – VIII аср бошларида араб халифалигига қўшиб олинган. IX асрда шаҳар сомонийлар давлати, XI-XII асрларда ғазнавийлар, қорохонийлар, салжуқийлар давлати таркибига кирган. Бу даврда шаҳар ҳар томонлама равнақ топган. Эски Термиз уч таркибий қисм – қалъа, шаҳристон ва рабоддан иборат бўлиб, 500 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган. Айни пайтда археолог олимлар бу ерни чуқур ўрганмоқда. Жумладан, ўша даврларда шаҳарда кўплаб янги маъмурий бинолар, масжидлар бунёд этилиб, кенг кўламда ободончилик ишлари олиб борилган. Шаҳарда ҳунармандчиликнинг турли соҳалари ривожланган. Термиз ҳунармандлари тайёрлаган кўплаб махсулотлар узоқ ўлкаларда ҳам жуда харидоргир бўлган. Хусусан, Термиз совунлари, атторлик буюмлари ва қайиқлари Шарқ мамлакатларида ғоятда қадрланган.

Ўрта асрлар манбаларида Термиз Шимолий Тоҳаристоннинг иқтисодий ва маданий маркази дея эътироф этилган. Бу даврда шаҳарда ислом дунёсида машҳур кўплаб буюк аллома ва шоирлар яшаб ижод этган. 1220 йил кузида Термиз шаҳри Чингизхон қўшинлари томонидан забт этилиб, вайрон қилинган. Аҳолиси босқинчиларга қарши мардонавор кураш олиб боргани учун шаҳар “Мадинат ур-рижол”, яъни “Эрлар шаҳри”, деб улуғланган.

Темурийлар ва Бухоро хонликлари даврида Термиз Амударё бўйидаги муҳим стратегик қалъа сифатида фаолият кўрсатган. Қалъада кечувни ҳимоя қилувчи кучли ҳарбий гарнизон жойлашган.
Қиёфаси тубдан ўзгариб, янги-янги осмонўпар иншоотлар қад ростлаётган шаҳарда қадимдан сақланиб қолган ва ўтмишдан сўзлайдиган кўплаб тарихий – археологик ёдгорликлар дунё сайёҳларини ўз бағрига чорламоқда.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.