Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Жарқўрғон туманида “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш ишлари билан танишилди

Жарқўрғон тумани вилоятда иқтисодий салоҳияти, саноат корхоналари ҳамда ишлаб чиқариш қувватлари билан олдинги қаторларда туриши билан бирга аҳолиси томорқадан самарали фойдаланиш борасида ҳам яхши тажрибага эга.

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов аҳолининг иссиқхоначилик, асаларичилик, чорвачилик ва паррандачиликдаги тажрибаси ҳамда корхоналар фаолияти билан танишиш, шунингдек, туманда “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш ишларини ўрганиш мақсадида Жарқўрғон туманига ташриф буюрди.

Дастлаб, туманнинг “Эски қишлоқ” маҳалласида “Амузанг жилолари” ҳудудини асаларичиликка ихтисослаштириш мақсадида тажрибали асаларичилар ҳамда ташаббускорлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда ҳудудни асаларичиликка ихтисослаштириш борасида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимот қилинди. Масъулларга ташаббускорларнинг эҳтиёжини ўрганиб, бир ой муддатда зарур асалари оилаларини етказиб бериш вазифаси топширилди.

Шундан сўнг, “Марказий Сурхон” маҳалласида жойлашган “Орланд ТСБ” МЧЖнинг инкубаторда жўжа очириш лойиҳаси билан танишилди. Шунингдек, МЧЖга тегишли бинода ижара асосида фаолият юритаётган тикувчилик цехи фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Вилоят раҳбари тадбиркорга корхоналар фаолиятини кенгайтириш бўйича зарур тавсияларни берди.

Вилот раҳбари “Ўрикли” маҳалласида “Сайхунобод тажрибаси” асосида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, адирликдаги бўш майдонларнинг 4 гектарини фойдаланишга киритиб, маҳсулот етиштиришни йўлга қўйган Миркомил Тоғаевнинг бодомзор, лимончилик ва иссиқхоначилик лойиҳалари билан ҳам танишди. Тадбиркорнинг фаолияти эътироф этилиб, лимон кўчатлари экилди.

Ҳудудда фойдаланишга киритиш учун етарли майдонлар мавжудлигини инобатга олиб, ўзлаштирилган ерларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, аҳолининг иссиқхоначилик, чорвачилик ва паррандачилик тажрибалари, томорқадан самарали фойдаланиш ишлари ҳам кўздан кечирилди. Аҳоли вакиллари билан мулоқотда ердан унумли фойдаланиб, даромад олиш тажрибасини ўрганиш лозимлиги, бу орқали ёшларимизнинг узоқ хорижий давлатларга бориб, қора меҳнат билан шуғулланишига ҳожат қолмаслиги таъкидланди.

Маҳаллага ташриф давомида ҳудуддаги қабристон ҳам кўздан кечирилиб, ободонлаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

1 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.