Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Шўрчида оилавий поликлиника ва боғча биноси фойдаланишга топширилди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳафталик иш режасига мувофиқ бугун Шўрчи туманида ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳамда маҳалла “еттилиги” фаолияти билан танишди.

Дастлаб, “Элбаён” маҳалласида жойлашган, ҳудуддаги 4 та маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатувчи 89-сонли оилавий поликлиниканинг “Ёруғлик” филиали учун янгидан қурилган бино фойдаланишга топширилди. Замонавий типда қурилган, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган тиббиёт маскани 20 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади.

Шунингдек, тиббиёт масканига патронаж хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш ва тезкорлигини таъминлаш мақсадида 10 та электроскутер, 10 та планшет ҳамда “Электрон поликлиника” тизимини жорий этиш учун компьютер жамланмалари, замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар ҳам топширилди. Вилоят раҳбари патронаж ҳамширалар билан суҳбатлашиб, аҳолига сифатли ва самарали хизмат кўрсатиш, касалликлар профилактикасини кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Шундан сўнг, “Элбаён” маҳалласи “еттилиги”нинг амалга оширган ишлари ҳамда келгусидаги режалари юзасидан ахборотлари тингланди. "Еттилик" фаолияти етарли даражада ташкил этилмаганлиги қайд этилди. Маҳалла бўйлаб ўрганиш ҳамда аҳоли хонадонлари билан танишув давомида аҳолини тадбиркорлик ва томорқадан самарали фойдаланишга ўргатиш ҳам яхши йўлга қўйилмаганлиги танқид қилинди.

Умуман олганда, туманда ишлар етарли даражада ташкил этилмаётганлиги таъкидланиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишларни тартибга солиш, жадаллаштириш мақсадида вилоят Штабини ташкил этиш ва амалий ишларни бошлаш топширилди.

Шунингдек, бугуннинг ўзида Шўрчи туманида 5 млрд сўмлик лойиҳа эвазига янгидан қурилган 150 ўринли боғча ҳамда Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган 125-сонли “Нурли маскан” мактаб-интернатининг 120 ўринли ётоқхонаси ва спорт зали ҳам фойдаланишга топширилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.