Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Қизириқ, Бандихон ва Шеробод туманида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлар ва лойиҳалар билан танишилди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳафталик иш режаси дастурига мувофиқ қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар, белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳамда янги лойиҳалар билан танишиш мақсадида Қизириқ, Бандихон ва Шеробод туманларида бўлди.

Ташриф дастурига мувофиқ дастлаб, Қизириқ туманида чигит экиш ишларининг бориши билан танишилди. Хусусан, Азим Сулаймонов оилавий пудратининг 15 гектарлик майдонида С-8290 навли пахта уруғларини қадаш ишлари кўздан кечирилди. Туман бўйича қарийб 7,3 минг гектар майдонда чигит экиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар шундан 3,5 минг гектарига уруғ қадаш ишлари тўлиқ амалга оширилган.

Вилоят раҳбари тупроқ ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда чигитни қадаш, агротехник ишловларнинг ўз вақтида бўлишини таъминлаш борасида тегишли тавсия ва кўрсатмаларини берди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари “Шеробод машина магистрал” канали бўйида беш қаторли қилиб, тут, тол ва терак кўчатлари экиш тадбирларининг бориши билан танишди. Шеробод, Қизириқ ва Бандихон туманлари чегаралари бўйлаб оқиб ўтувчи мазкур канал бўйига дарахт кўчатлари экиш тадбирларига вилоят ҳокими раҳбарлигида 17 март куни старт берилган эди.

Кўчат экиш тадбирларининг бориши, амалга оширилган ишлар юзасидан ушбу туманлар ҳокимлари ва соҳа мутасаддилари ахборот беришди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан экологик муҳитни яхшилаш, тупроқ эррозиясининг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган мазкур тадбирни сифатли ва муддатида бажариш бўйича масъулларга вазифалар белгилаб берилди.

Вилоят раҳбари ҳудудларга ташрифини Шеробод туманида давом эттирди. “Помир агрокластер” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан амалга оширилаётган умумий қиймати 392 млрд сўмлик, 5 минг бош зотдор қорамолларни парваришлаш йўлга қўйиладиган чорвачилик комплексининг қурилиш ишлари кўздан кечирилди.

Аввалги ташрифларда мазкур йирик лойиҳа юзасидан берилган тавсиялар асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишган вилоят раҳбари мутасаддиларнинг ахборотларини тинглади. Тадбиркор билан мулоқот давомида 30 минг тонна сутни қайта ишлаш заводининг қурилишини ҳам тез кунларда бошлаш лозимлиги қайд этилди.

1 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.