Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Муборак Рамазон ойи ҳамда чигит экиш мавсуми олдидан эҳсон тадбири ўтказилди

Қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан чигит экиш тадбирлари олдидан соҳа фахрийлари ва фаоллари ҳамда нуронийларнинг маслаҳат ва тавсияларини олиш мақсадида Термиз туманидаги “Ал-Ҳаким Ат-Термизий” мажмуасида тадбир бўлиб ўтди.

Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, вилоят ва туманлар сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, қишлоқ хўжалиги соҳаси фахрийлари ва фидойилари ҳамда диний соҳа вакиллари, нуронийлар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят раҳбари барчани кириб келаётган муборак Рамазон ойи билан қутлади ҳамда ўтган йили ушбу ойда қийналган, кўмакка муҳтож оилаларга манзилли ёрдам бериш, уларни моддий ва маънавий қўллаш борасидаги “Сурхондарё тажрибаси”ни жорий йилда ҳам давом эттириш, ҳудудлар раҳбарларига диний соҳа вакиллари, жойлардаги имомлар билан кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатиш вазифаси топширилди.

Шунингдек, чигит экиш мавсуми олдидан жонлиқ сўйилиб, дошқозонларда ош дамланди. Тўкин дастурхон атрофида бўлиб ўтган тадбирда вилоятда чигит экиш мавсумини сифатли ўтказиш, уруғлар унумдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни янада ошириш юзасидан соҳа фахрийлари ва фидоийларининг маслаҳат ва тавсиялари олинди.

Жорий йилда Сурхондарёда 72 минг 270 гектар майдонда чигит қадаш режалаштирилган бўлиб, мавсумни сифатли ва қисқа муддатда якунлаш мақсадида 191 та отрядга 1 280 та чопиқ тракторлари, 660 та сеялка, 2 640 та тишли бароналар бириктирилган.

Якунда диний соҳа вакиллари томонидан Қуръон тиловат қилинди ва нуронийлар юрт тинчлиги ва фаровонлигини, яхши ниятлар билан ерга қадалаётган уруғлар ҳосилининг мўл-кўлчилигини сўраб дуога қўл очишди.

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.