Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Музработда янги лойиҳа тақдимоти ва энергия тежамкор иссиқхона фаолияти билан танишилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар, яратилаётган иш ўринлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш жараёнлари билан танишиш мақсадида Музработ туманига ташриф буюрди.

Биринчи манзилда “Янги диёр ҳамкор барака” МЧЖ томонидан фермер хўжаликларига туманлараро минерал ўғитлар етказиб беришни ташкил этиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Умумий қиймати 20 млрд сўм, йиллик қуввати 30 минг тонна бўлган лойиҳа орқали Термиз, Қизириқ, Бандихон ва Музработ туманларидаги фермер хўжаликларини сифатли минерал ўғитлар билан таъминлаш мақсад қилинган.

Лойиҳани ишга тушириш орқали 24 та доимий, 50 та мавсумий иш ўринлари яратилади. Вилоят раҳбари лойиҳани такомиллаштириш, ўғитларни келтириш, сақлаш ва етказиб бериш хизматларини сифатли ташкил этиш, логистика харажатларини камайтириш бўйича тавсияларини берди.

Эслатиб ўтамиз, Президентимиз раислигида жорий йил 12 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида 70 та туманда минерал ўғит сақлаш омборларини ташкил қилиш, уларда ўғитлар қолдиғини кунлик мониторинг қилиб, эҳтиёжга кўра етказиш, шунингдек, февраль-апрель ойларида биржага чиқадиган минерал ўғитлар кунлик ҳажмини 6 минг тоннадан 9 минг тоннага ошириш топшириғи берилган эди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари туманнинг “Юртим жамоли” маҳалласида “Озод нурли ҳаёт” МЧЖ томонидан 1 гектар майдонда ташкил этилган, энергия тежамкор, кўмир ёқилғиси билан иситиладиган иссиқхонада помидор ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш жараёнлари билан танишди. Қишнинг совуқ кунлари бўлишига қарамай муқобил энергия манбалари ҳамда иссиқхонанинг иссиқликни сақлаш технологияси ёрдамида маҳсулотлар пишиб етилган. Тадбиркор билан суҳбат қилиниб, фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида туман мутасаддиларига кўрсатмалар берилди.

Иссиқхонада 23 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлиб, ҳозирда етиштирилган маҳсулотлар маҳаллий бозорларга ҳамда экспорт учун хорижга чиқарилмоқда.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.