Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарёнинг туризм салоҳияти халқаро семинарда намойиш этилди

Хабар берилганидек, куни кеча Таиланд давлати пойтахти Банкок шаҳрида “Ўзбекистонда буддизмнинг бой мероси. Кушонлар ва буддизмнинг Ўрта Осиё орқали Ипак йўли бўйлаб тарқалиши” номли Ўзбекистон маданий мероси ва зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган халқаро илмий семинар ўтказилди.

Таиланднинг муҳим диний байрамларидан бири “Висаха Буча куни” халқаро байрами 26 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда етакчи диний уламолар, сиёсий, академик ва маданий доира ҳамда дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, Сурхондарё вилояти делегацияси ҳам иштирок этди.

Халқаро семинарда Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида маданий алоқалар тарихи, Сурхондарё вилоятининг янги туризм бренди, зиёрат, тиббий, гастрономик, спорт туризми ва экотуризм йўналишларидаги мавжуд сайёҳлик салоҳияти ва зиёратчилар учун яратилган қулайликлар, 2023 йилда вилоятда ўтказилиши режалаштирилган халқаро тадбирлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан келажакда Таиланд билан Ўзбекистондаги буддавийлик обидалари тарихини ўрганувчи, ҳамкорликда археологик қазишмалар, топилмаларни қайта тиклаш ва илмий тадқиқотлар билан шуғулланувчи Маданий-илмий марказ, Илмий тадқиқот институти тузиш имкониятларини ўрганиш таклифи билдирилди.

Сурхондарё вилоятидаги буддавийлик ёдгорликларини янада кенг ўрганиш, уларни асраб-авайлаб, қайта тиклаш, музейлаштириш ва зиёратчилар учун муносиб шароитлар яратишда технологиялар ва мутахассислар жалб этиш бўйича Таиланд томони билан ҳамкорликда ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

Шунингдек, вилоят делегацияси томонидан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиб, вилоят туризм салоҳияти бўйича тақдимотлар қилинди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.