Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Шавкат Мирзиёев иштирокида Термиз шаҳрида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши сессияси бўлиб ўтди

Президент вилоятда охирги беш йилда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 15 мингдан зиёд корхона ишга тушганини айтди.

“Бугун йиғилишдан кейин ишга тушириладиган 6 та корхонада ҳам қўшимча 2 мингта янги иш ўрни яратилди, вилоят ишлаб чиқаришига 370 миллиард сўм, экспортига 20 миллион доллар қўшилади. 2022 йилда ишга тушган “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” микро ГЭСларида йилига 201 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилмоқда. Бугун ишга тушадиган “Тўпаланг ГЭС”да йилига яна 467 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариш қўшилади”, — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, вилоятда:

302 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди;

1 минг километр халқаро ва 3 минг километр ички йўллар таъмирланди.

“Энг асосийси, одамларимиз ва тадбиркорларда келажакка ишонч пайдо бўлди. Энди, кўнглимдаги битта гапни айтсам. Агар яна бир-икки йил биргаликда қаттиқ ишласак, Сурхондарёда жуда катта ривожланиш, ўсиш бўлади. Шу боис, 13 та туман ҳокими лавозимига республика идораларида ишлаган, малакали кадрларни қўйдик.

Бугунги сессияда Сурхондарё вилоятига ҳоким тайинлаш бўйича ташкилий масалани кўриб чиқишимиз керак. Вилоят депутатлари ва фаоллари билан маслаҳатлашиб, вилоят ҳокими вазифасини бажариб келаётган Қосимов Улуғбек Бердиқобилович номзодини бу лавозимга таклиф қиламан. Улуғбек Қосимовга берилган қисқа вақт ва имконият Сурхондарёдаги вазият ва аҳоли ташвишларини чуқур ўрганиш учун етарли, деб ҳисоблайман”, — деди Шавкат Мирзиёев. 

Президент вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш масаласига тўхталди. Давлат раҳбари вилоятда 102 минг расмий ишсиз бор эканлигини айтди.

“Ишсизлар Сариосиё (8,2 минг нафар), Шўрчи (8 минг), Олтинсой (7,2 минг) ва Музработда (5,3 минг) юқори. Сариосиёда 8 та, Жарқўрғон ва Қумқўрғонда 7 тадан, Деновда 6 та, Олтинсой ва Шўрчида 4 тадан, жами 43 та маҳаллада тадбиркорлик суст.

Шунингдек, Бойсун, Музработ, Узун, Шеробод ва Шўрчи 4-тоифага, Бандихон, Қизириқ ва Олтинсой 5-тоифага киради. Бу туман ва маҳаллаларда бандликни таъминлаш ва аҳоли шароитини яхшилаш бўйича етарли имконият ва имтиёзларни қилиб бердик”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Вилоятда 1 июлгача оилавий тадбиркорлик дастурлари учун берилган 1,1 триллион сўмга қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Жарқўрғондаги Бизнес ва енгил саноат ҳамда Узундаги Қишлоқ хўжалиги техникумлари бўш биноларида 1 минг ўқувчи ўрнига эга мономарказлар ташкил қилинади.

Бир ҳафта муддатда тадбиркорлик суст 43 та маҳаллада микро-марказлар ташкил қилиниб, у ердаги лойиҳаларга яна 80 миллиард сўм имтиёзли кредит йўналтирилади. 1 июлга қадар 118 та оғир маҳаллада касаначилик лойиҳалари бошланиб, 10 минг аҳоли банд қилинади.

2023 йилда меҳнат бозорига кириб келадиган 50 минг Сурхондарёлик ёшларнинг 14 минг нафарига 350 миллиард сўм кредит берилади, 16 минг нафарига деҳқончилик учун ер ажратилади cа 10 минг нафари бўш иш ўринларига жойлаштирилади.

Ёрдамга муҳтож 18 мингдан зиёд аёллар касбга ўқитилиб, меҳнат қуроллари учун 15 миллиард сўм, субсидия ажратиш орқали 3 минг нафар хотин-қизлар банд қилинади. Тадбиркор бўлиш истагидаги 10 минг нафар аёлларга 200 миллиард сўм кредит ажратиладиc 5 минг нафари уй шароитида касаначиликка жалб қилинади.

Шунингдек, 2023 йилда маҳаллаларга оилавий тадбиркорликни олиб кириш орқали 31 минг аҳоли, касаначиликда салоҳияти бор 212 та маҳаллада янги тизим орқали меҳнат қуроллари ва жой масаласини ҳал қилиб, 31 минг аҳоли, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш орқали 4 минг аҳоли, 20 минг аҳоли эса, янги касбларга ўқитиб, ўзини-ўзи банд қилиш орқали бандлиги таъминланади.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Президент вилоят фаолларининг билдирган фикрлари асосида Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Қосимов Улуғбек Бердиқобилович номзодини тавсия этди.

Номзоднинг вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантириш, ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режалари эшитилди ва муҳокама қилинди.

Сўнг Сурхондарё вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Президент сессияда билдирилган режа ва таклифлардан келиб чиқиб, янги ҳоким ва мутасаддилар олдида вилоятни янада ривожлантириш бўйича турган вазифаларни белгилаб берди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.