Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Ангор туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивининг қурилиш ишлари ўрганилди

Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг урбанизация жараёнларини ривожлантириш мақсадида ҳудудларда “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилмоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилоятининг 4 та ҳудудида, Ангор, Бойсун, Жарқўрғон ва Сариосиё туманларида 66 та кўп қаватли уйлардан иборат “Янги Ўзбекистон” массивларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов “Янги Ўзбекистон” массивларида қурилаётган уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларининг қурилиш ишлари билан танишиш мақсадида Ангор туманида бўлди.

Вилоят раҳбари қурилиш ишлари билан танишар экан, ишлар ва қурилиш материаллари сифатсизлиги, айрим уй-жойларнинг ер ишлари ҳозиргача якунланмаганлиги, сифатсиз, тўлиқ пиширилмаган ғиштлардан фойдаланилаётганлиги ҳамда кўп қаватли турар жой бинолари олдида ўрнатилган ўриндиқлар сифатсиз эканлигини қаттиқ танқид қилди. Массивда 17 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар бажарилган ишлар 40 фоизни ташкил этади холос. Бошқа туманларда бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида ҳам ишлар қониқарли эмас, айрим туманларда бажарилган қурилиш ишлари 50 фоизга ҳам етказилмаган. Вилоят ҳокимининг топшириғи билан Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганда қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги, сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланилганлиги аниқланган.

Қурилиш ишларида аниқланган камчиликлар, масъуллар томонидан йўл қўйилган хатолар ҳудуднинг ўзида муҳокама қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар ҳудудлар кесимида санаб ўтилди ва қурилиш соҳаси масъуллари ва ҳудуд раҳбарлари иштирокида соҳадаги мавжуд муаммолар таҳлил қилинди. Бу борада сектор раҳбарлари ва бошқа масъулларнинг ахборотлари тингланди.

Шаҳар ва туманлар ҳокимлари, қурилиш соҳасидаги бошқармалар бошлиқларига қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, Қурилиш назорат инспекцияси қатий огоҳлантирилиб, қурилиш материлларининг сифатини тўлиқ текшириш, сифатсиз ўриндиқларнинг алмаштирилишини таъминлаш ва бошқа аниқланган камчиликларни бартраф этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Бойсун туманида “Ташаббусли бюджет” доирасида сув қудуғи қазиш ишларини бошлаш, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Қизириқ туман, Сариосиё туман, Шеробод ва Шўрчи туманларига 2022 йилда фойдаланишга топширилмаган объектларда 10 кун муддатда ишларни якунлаб, фойдаланишга топшириш, уч кун муддатда пудратчи аниқланмаган 24 та объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, “Шаффоф қурилиш” электрон тендер савдолари платформасига киритиш, бир ой муддатда 19 та кўп қаватли уй-жойлар қурилишини якунлаб, фойдаланишга топшириш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, қурувчиларнинг ҳам муаммолари тингланиб, масъулларга мурожаатларни ҳал этиш, бажарилган ишлар учун маблағларни тўлаб бериш бўйича кўрсатмалар берилди.

Кейинги ҳафта шанба куни соҳада амалга оширилган ишлар қайта муҳокама қилиниши, ишларни тўғри ташкил қилмаган масъулларга нисбатан чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантириш берилди. 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.