Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Деновда замонавий савдо мажмуаси иш бошлади

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Намозгоҳ маҳалласида барча шароитларга эга замонавий савдо мажмуасини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов, "Лочин" фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон қаҳрамони А.Нарзуллоев, Денов тумани имом-хатиби Д. Давлатов ва бошқалар мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқ фаровонлиги ва аҳоли маьмурчилигини таьминлаш, хизматлар кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Президентимизнинг 2020 йил 9 апрелдаги «2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида»ги қарори аҳоли энг гавжум ҳудуднинг қиёфасини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Шунга мувофиқ Денов туманидаги “Номозгоҳ” маҳалласида харидорлар учун қулай шарт-шароитларга эга бўлган, ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари мавжуд янги савдо мажмуаси қурилиб фойдаланишга топширилгани ҳам бунга яққол далилдир.  

Йигирма икки гектар майдонда барпо этилган замонавий савдо мажмуасида 927 та кийим-кечак, 534 озиқ-овқат маҳсулотлари дўкони ва 1 359 очиқ ва ёпиқ кўчма ҳамда очиқ расталар, 17 та умумий овқатланиш шаҳобчаси қурилиб ишга туширилди. Бунинг учун 215,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Замонавий мажмуани "Муҳаммадали" масьулияти чекланган жамияти бунёдкорлари тез,сифатли қуриб фойдаланишга топширди.

–Бу ерда сотувчилар учун ҳам, харидорлар учун ҳам барча шароитлар яратилган, – дейди "Муҳаммадали" масьулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳайитали Алламуродов. – Тумандаги эски буюм ва озиқ-овқат бозорларидан яна бир фарқи шундаки, мажмуада барча хавфсизлик ва санитария қоидаларига риоя этиш чоралари кўрилган. Ёнғин хавфсизлигини таьминлаш алоҳида эьтиборга олинган. Озодаликни сақлаш учун зарур қулайлик мавжуд. Оқаво сув тармоғига уланган.  

Мажмуада 3 минг 198 та янги иш ўрни яритилди. Савдо мажмуасининг фойдаланишга топширилиши аҳолига бир олам қувонч улашди.

– Эски буюм ва озиқ-овқат бозорларимиз харидорлар билан гавжумлигидан ҳамиша тирбанд бўлиб турар эди, – дейди деновлик М.Тошбоев. – Мазкур савдо мажмуаси кенг майдонда барпо этилгани учун одам эмин-эркин ҳаракатланади. Тоза ва озодалигидан дил яйрайди. Туманимизда амалга оширилаётган бундай янгиланишлар биз, оддий халқ манфаатига хизмат қилаётани эьтиборга сазавордир.  

Шу куни 400 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган тумандаги янги савдо мажмуаси ёнида икки қаватли "Universal" савдо мажмуаси ҳам фойдаланишга топширилди.

Вилоят ҳокими янги савдо мажмуаларида тадбиркорлар ва харидорлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Мутасаддиларга тегишли таклиф ва тавсияларни берди.

Пойтахтдан келган саньаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага байрам кайфиятини улашди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.