Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Миллий гвардиячилар бахшичилик санъатида ўзини синаб кўрди

Термиз шаҳридаги бахшилар мактабида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимидаги бўлинмалар, ҳарбий қисм ва таълим муассасалари ва қўриқлаш бошқармалари ходимлари ўртасида “Бахшичилик санъати” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Нафис ва нодир халқ достонларимиз аждодларимизнинг узоқ ўтмиши, маданий ҳаёти, миллий қадриятларини ўзида мужассам этган. Сўнгги йилларда бу мерос ўлмас, номоддий маданий мерос сифатида юксак қадрланмоқда. Миллий гвардия тизимида илк марта ташкил этилган тадбир ҳам миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, халқ достонларининг ранг-баранг намуналарини кенг тарғиб этишга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди. 

Икки йўналишда бўлиб ўтган танловда нафис миллий санъатимизни улуғлаган иштирокчилар чолғу асбобларида куй чалиш ва достонлардан парчалар, термаларни айтиш бўйича ўзаро беллашди. 

Миллий қадриятларимиз куйчиларининг чиқишлари Ўзбекистон халқ бахшилари, таниқли санъат ва маданият арбоблари томонидан баҳолаб борилди. Бу жараёнда иштирокчиларнинг миллий хусусиятлари, куй ва термаларнинг бадиий-эстетик жиҳатлари, ўзига хослиги, кийиниш, саҳна маданияти, мусиқа асбобларидан фойдаланиш даражаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Икки кун давом этган танлов якунида Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчиси капитан Э.Хуррамов фахрли биринчи ўринни эгаллади. Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси қўриқлаш бошқармаси сафдор ходими Қ.Соотдинов иккинчи ўринни қўлга киритди. Хоразм вилояти қўриқлаш бошқармаси сафдор ходими Ш.Комиловга учинчи ўрин насиб этди. 

Ғолиблар диплом ва беш, уч ҳамда икки миллион сўмдан пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи” номинацияси бўйича ҳам фаол иштирокчилар аниқланиб, уларга бир миллион сўм миқдорида пул мукофоти берилди. Қадимий, бетакрор санъатимизга меҳр қўйган барча қатнашчиларга тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари топширилди.

Тантанали тақдирлаш маросими эл суйган бахшилар ижросидаги достонлардан парчалар, дилтортар термалар ва санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.