Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан истиқболли ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссияси иқтисодий ривожланиш бўлими бошлиғи Скотт Хедланд бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Маълумки, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мамлакатимизда кенг кўламли иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларини янада қўллаб-қувватлаш билан бирга хусусий бизнес, нодавлат ташкилотлар ва мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятини кучайтиришига ҳисса қўшиб келмоқда.

USAID фонди билан ҳамкорликда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалида қишлоқ хўжалигида қиймат занжири лойиҳаси доирасида мева-сабзавотларни сақлашга мўлжалланган совуқхона (ўқув мақсадларида) қурилди. Ҳозирда ваколатхона кўмагида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси учун маркетинг ва бизнес режалар ишлаб чиқилмоқда. Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида 3 ойлик дастурлаш курсларини ташкил этиш режалаштирилган.

Самимий мулоқот чоғида USAIDнинг “Тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш” (FGI), “Рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринлари” (CTJ) ҳамда “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” (AVC) лойиҳалари доирасида ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди.

Уларга Термиз туманидаги Айритом маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва “Термиз” халқаро савдо марказида яратилаётган замонавий шароит ва қулайликлар тўғрисида тақдимоти қилинди. Уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Меҳмонларнинг вилоятимизга икки кунлик сафари давомида ТДАУ Термиз филиали, “Термиз” эркин иқтисодий зонаси, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази, шунингдек, қатор тарихий қадамжолар ва музейларга ташрифлари кўзда тутилган.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.