Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сессияда Олий Мажлис Сенати Ишчи гуруҳи томонидан вилоятни комплекс ўрганиш якунлари муҳокама қилинди

Бугун, 20 февраль куни Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг йигирма учинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоятдан сайланган сенаторлар, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят секторлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этди.

Сессияни вилоят ҳокими, Кенгаш раиси Т.Боболов бошқариб борди.

Жорий йилнинг 15 – 20 кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қарор ва дастурлар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар комплекс ўрганилди.

Сессияда дастлаб Ишчи гуруҳ раҳбари, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров ўтказилган ўрганиш якунлари ҳақида сўз юритди.

Таъкидланишича, ўрганиш давомида бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, аграр, сув хўжалиги, экология, коммунал, йўл-қурилиш ва транспорт инфратузилмаси, ижтимоий соҳа, жиноятчилик ва суд-ҳуқуқ ҳамда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш борасида вилоятда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Таҳлиллар вилоятда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги кўрсатди.

Жумладан, вилоятда 2020 йилнинг январь-декабрь ойлари давомида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 24 трлн. сўмни, ўсиш суръати эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104,4 фоизни ташкил этган.

Вилоят бўйича 5 трлн. 515,9 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган, 7 трлн. 919,7 млрд сўмлик хизматлар кўрсатилган, чакана савдо айланмаси 12 трлн. 352,6 млрд. сўмни ташкил этган.

Маҳаллий бюджет даромадлари прогноз режаси (1 трлн. 198 млрд. сўм) амалда 116,7 фоизга (1 трлн. 398 млрд. сўм) бажарилганлиги натижасида бюджетга 200 млрд. сўм қўшимча манбалар шакллантирилган.

2020 йилда хорижий инвестиция иштирокидаги 252 та лойиҳаларда 221,2 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва хорижий кредит маблағлари ўзлаштирилган. 245,2 млн. долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.

Вилоятда 2020 йилда 222 минг 979 гектар суғориладиган ер майдонига қишлоқ хўжалиги экинлари тўлиқ жойлаштирилган, ўтган йилда 1 млн 881 минг тонна сабзавот, 326,8 минг тонна полиз, 330,2 минг тонна картошка, 164,5 минг тонна мева, 95,5 минг тонна узум, 24,4 минг тонна дуккакли дон маҳсулотлари етиштирилган.

Вилоятда “Темир дафтар”га киритилган 52,5 мингдан ортиқ оилаларга 59 млрд. сўм миқдорида манзилли ёрдам кўрсатилган, ушбу оилаларнинг 52,2 минг нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари иш билан таъминланган ва доимий даромад манбаига эга бўлган. Натижада сектор раҳбарларининг тавсиялари асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари билан 49 мингдан зиёд оилалар “Темир дафтар” рўйхатидан чиқарилган.

Бугунги кунга қадар вилоят бўйича жами 28 минг 928 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”, 56 минг 752 нафар ўғил-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилиб, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан вилоятни ўрганиш жараёнида аниқланган ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ўз ечимини кутиб турган муаммо ва камчиликлар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Мазкур муаммоли масалалар вилоят ҳамда республика даражасида ҳал этилиши нуқтаи назаридан чуқур таҳлил этилди, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Сессияда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг вилоятдаги ижросини таъминлаш тўғрисида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилбар Сувонованинг маърузаси тингланди.

Депутатлар Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши раисининг ўринбосарини тайинлаш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар. Кенгаш раиси ўринбосари лавозимига “Ал-Хаким ат Термизий” ёдгорлик мажмуаси директори, 17-Алпомиш сайлов округидан депутат Чориев Абдураим Равшановичнинг номзоди бир овоздан маъқулланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.