Сурхондарё
вилоят Ҳокимлиги
Главная Хокимлик янгиликлари Жиззах таомлари хорижликларни мафтун этди
Жиззах таомлари хорижликларни мафтун этди
2019-04-10 / 46

Термиз шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида турли анжуманлар, мусиқий лойиҳалар тақдимотлари, кўргазмалар, кўрик-танловлар юқори савияда ўтказилмоқда.

Санъат саройи ҳудудидаги кенг майдонда юртимиз ошпазларининг миллий ва жаҳон таомлари кўргазмасини ҳам маҳаллий иштирокчилар ва хорижлик меҳмонлар катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда.

Бу ерда юртимизнинг турли вилоятларидан келган моҳир пазандалар ўз ҳудудларининг тансиқ таомларини тайёрлаш жараёнини намойиш қилаётир. Кўргазма иштирокчилари Самарқанднинг бўрсилдоқ нонлари, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарёнинг тандир кабоблари, Андижоннинг паловхонтўраси ва бошқа таомларнинг тайёрланиш усулларини кузатиш баробарида уларни татиб кўриш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.

Сурхондарё вилояти павильонида маҳаллий ва жаҳоннинг 24 давлатида тайёрланадиган таомлар кўргазмаси намойиш этилмоқда. Сурхонча тандир кабоб ва узунлиги бир метрдан зиёд бўлган алпомиш кабоблар ҳам иштирокчилар эътиборини ўзига тортди.

Айниқса, жиззахлик пазандалар томонидан миллий таомларнинг тайёрланиш жараёни, таъми, кўриниши кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

– Бу ерда турли туманларда тайёрланадиган 12 хил таомни намойиш этаяпмиз, – дейди Жиззах вилояти ошпазлар уюшмаси раиси Алимардон Ўролов. – Жиззах жизи, Зомин тандир кабоби, Жиззах оши, манти, сомса, лочира, қуртава сингари таомларимизнинг тайёрланишини нафақат маҳаллий, балки чет элликлар ҳам катта қизиқиш билан кузатди.

Кўргазмада мавжуд дунё таомлари халқимизнинг пазандалик маҳоратини кенг намойиш этаётган бўлса, миллий таомларимиз жаннатмонанд юртимизда қадимдан ошпазлик санъати юксак даражада ривожланганидан дарак беради. Қўли гул ошпазлар тансиқ таомларнинг тайёрланиш жараёнини кўрсатиш билан бирга, унинг тарихи ҳақида ҳикоя қилиб бераётгани иштирокчилар эътиборини тортаётгани бунинг далилидир. Масалан, жиззахлик пазандалар Жиззах оши ва сомсасига шундай таъриф беришдики, беихтиёр бизда ҳам улардан татиб кўриш иштиёқи пайдо бўлди. Иштаҳа билан таом татиб кўраётган чет эллик меҳмонларнинг фикри билан қизиқдик.

– Ўзбекистон билан бизнинг урф-одат ва анъаналаримиз, таомларимизда ўхшашлик бор, – дейди Ҳиндистоннинг “JODHPUR RIFF” фестивали директори Деви Бҳатия. – Термизда ўтаётган халқаро фестивалдан биз унутилмас таассуротлар олмоқдамиз. Бугун таомлар кўргазмасига келганимиздан жуда хурсандмиз. Биз кўпроқ ўзбек таомларининг пиширилиш усулларини мароқ билан кузатдик. Айримларини татиб ҳам кўрдик, бир-биридан мазали.

Унутилмас лаҳзалар ва таассуротларга бой бўлаётган Халқаро фестиваль қизғин давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА ​​​​

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.