Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
Главная Хокимлик янгиликлари Халқаро фестиваль матбуот маркази ташкил этилди
Халқаро фестиваль матбуот маркази ташкил этилди
2019-04-08 / 251

Адиб Собир Термизий номидаги Сурхондарё вилояти ахборот-кутубхона марказида 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивали матбуот маркази иш бошлади. 

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирни кенг ёритиш учун дунёнинг 20 давлатидан 30 га яқин хорижлик журналист ва юртимиздаги кўплаб оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. 

– Илдизи қадим ўтмишга бориб тақаладиган ўлмас қадриятларимиз намойиш этиладиган мазкур тадбирга, айниқса, хорижликлар катта қизиқиш билдираётгани бежиз эмас, – дейди матбуот маркази раҳбари, “Кино санъати” журнали бош муҳаррири Лазиз Тангриев. – Чунки, дунё тамаддуни бешиклардан бири бўлмиш қадимий Сурхон воҳасининг бой тарихи, илм-фан, маданият ва санъатининг ривожланиш босқичлари барчада катта қизиқиш уйғотиб келади. Вилоят ҳудудида амалга оширилаётган археологик тадқиқот ишлари чоғида топилган турли ҳайкаллар, мусиқа асбоблари парчалари ва бошқа топилмалар бу ерда мусиқа ва санъат пайдо бўлиши эрамиздан аввалги IV-II асрларга бориб тақалишини кўрсатмоқда, жаҳон тарихчи олимларини, қадимшуносларини мафтун этмоқда.

Дунё бахшилари, фольклоршунос олимлар ва бой номоддий маданий меросимиз ихлосмандларини қадимий гўшага жамлаётган Халқаро фестиваль доирасида янги чоп этилган ноёб достонлар ҳамда илмий китоблар тақдимотлари ўтказилиши белгиланган. Бахшичилик санъати ривожига бағишланган қизиқарли кўргазмалар, халқ ҳунармандчилиги, миллий соз ва либослар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик буюмлари кўргазмалари ҳам ташкил этилади. Бахшиларнинг қизиқарли кўрик-танлови, илмий конференциялар ўтказилади. Тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларга саёҳатлар уюштирилади.

Матбуот марказида фестиваль билан боғлиқ тадбирлар ва иштирокчиларнинг таассуротидан дунё аҳлини тезкор ва холис хабардор қилиш учун барча қулайлик яратилди. Муҳташам зал замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланиб, глобал тармоққа уланди. Wi-Fi зонаси ташкил этилди. Халқ оғзаки ижоди намуналари ва бошқа ноёб китоблар билан безатилди. Кофе-брейклар ташкил этиш учун махсус жойлар ҳозирланди. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар Халқаро фестивални юксак савияда ўтказишга хизмат қилади.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.