Сурхондарё
вилоят Ҳокимлиги
Главная Хокимлик янгиликлари Фестивал олдидан “Алпомиш” китоби тақдимоти ўтказилди
Фестивал олдидан “Алпомиш” китоби тақдимоти ўтказилди
2019-04-05 / 56

Бугун Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёновдан ёзиб олинган “Алпомиш” қаҳрамонлик достони китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Термиз давлат университети, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази профессор-ўқитувчилари ва талабалари, адабиёт ихлосмандлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олимларнинг эътироф этишича, ҳозирги кунда ушбу достоннинг қирққа яқин варианти мавжуд. Унинг Сурхон воҳасида яратилган вариантларидан 3 таси Шеробод достончилик мактаби вакиллари Умир бахши, Мардонақул Авлиёқул ўғли ҳамда Абдуназар Поёновдан ёзиб олиниб, китоб ҳолида нашр этилган.

Тадбирда достоннинг Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёновдан ёзиб олинган ва яқинда “Академнашр” нашриётида чоп этилган бу варианти ҳар жиҳатдан пухталиги, воқеа кечадиган жойларнинг аниқлиги, тасвирнинг ҳаётий ва тилининг ширадорлиги, Сурхон воҳаси одамларига хос феъл-атворнинг, урф-одатларнинг тўғри таърифланганлиги билан ажралиб туриши эътироф этилди.

Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов достондан қизиқарли термалар ижро этиб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Дарҳақиқат, умумий ҳажми қўлёзмада 600 саҳифани, шеърий қисми 14230 мисрани ташкил этадиган, сайқалланган ва тўлдирилган ҳолда китобхонларга тақдим этилган бу достон ўзбекнинг ори, тантилиги, ғурури, юртга муқаббати ва улуғ дардини ўзида акс эттирган.

Шу боис ҳам ушбу китоб мутолааси, ундан баҳрамандлик сизу бизни халқимизнинг теран илдизларига туташтириши, ёш авлод кўксини осмон қадар улғайтириши, юракда юртга садоқат туйғуларини камол топтириши шубҳасиз.

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.