Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
Главная Хокимлик янгиликлари Мозори Шарифда ўтказилган Ўзбекистон – Афғонистон ишчи комиссияси мажлисида ўзаро манфаатли келишувларга эришилди
Мозори Шарифда ўтказилган Ўзбекистон – Афғонистон ишчи комиссияси мажлисида ўзаро манфаатли келишувларга эришилди
2020-12-22 / 114

 

Аввал хабар қилганимиздек, бугун, 22 декабрь куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида трансчегаравий савдони ривожлантириш бўйича Ишчи комиссиясининг иккинчи мажлисида иштирок этиш учун Афғонистон Ислом Республикасининг Балх вилоятида бўлди.

 

Ўтган йилнинг 5 ноябрь куни Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида нуфузли Ишчи комиссия ўтказган биринчи мажлисда давлатларимиз ўртасидаги чегара, савдо, чегараолди масалаларида юзага келаётган муаммолар ечими биргаликда муҳокама этилиб, тегишли таклифлар илгари сурилган ҳамда Ишчи комиссиясининг иккинчи мажлисини Мозори Шариф шаҳрида ўтказишга келишилган эди.

Ишчи гуруҳнинг бу сафарги мажлиси ҳам юқори савияда ташкил этилди. Мажлисда Ўзбекистон томонидан Ишчи комиссия раиси, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Афғонистон томонидан Ишчи комиссия раиси, Балх вилояти волийси Муҳаммад Фарҳод Азимий сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг сиёсий иродаси натижасида икки қўшни давлат ўртасида ўзаро дўстлик, биродарлик алоқалари, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

 

 

Мамлакатимизда хорижий инвесторларга яратилган қулай муҳитдан фойдаланиб, афғон ишбилармонлари юртимизда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётир. Хусусан, айни пайтда Сурхондарё вилоятида қўшни мамлакат сармоядорлари иштирокида 268 та қўшма ҳамда хорижий корхона фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида афғонистонлик тадбиркорларнинг 13 млн. долларлик сармояси вилоят қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларига жалб этилган. Шунингдек, вилоят корхоналари томонидан 42 млн. доллар қийматидаги маҳсулотлар Афғонистонга экспорт қилинган. Унинг 30 млн. долларини 41 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этади.

Вилоятда 2020-2021 йилларда афғонистонлик ишбилармонлар ҳамкорлигида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида барпо этилиши кўзда тутилган 46,8 миллион долларлик 44 та тўғридан-тўғри инвестицион лойиҳа бўйича ишлар изчил давом этмоқда.

 

 

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси асосида воҳага хорижий инвесторларни жалб этиш, уларга қўшимча қулайликлар яратиш учун Афғонистон Ислом Республикаси ва Сурхондарё вилояти чегара олди ҳудудида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ҳамда “Термиз халқаро савдо маркази” ташкил этилгани бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш учун кенг имконият яратди. 26 гектар майдонда барпо этиладиган “Термиз” халқаро савдо марказида замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш хизматлари, электрон савдо порталлари ташкил этилиб, афғон фуқаролари учун тўлиқ савдо-сотиқ қилиш муҳити яратилаётир.

Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик самараси ўлароқ, Термиз туманида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ҳозирда қўшни давлатнинг 20 та вилоятидан 172 нафар йигит-қиз турли олий таълим йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда.

 

 

Дунёда ҳозирча муқобили йўқ марказда Афғонистон давлати учун иқтисодиётнинг турли соҳалари ҳамда қишлоқ хўжалиги бўйича етук мутахассислар тайёрлаб бериш имконияти мавжуд. Дўст мамлакат ёшлари учун кичик бизнес ва тадбиркорликни, ички туризмни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, темир йўл, тикувчилик, тасвирий ва халқ амалий санъати, кулолчилик, чилангарлик, компьютер саводхонлиги, қандолатчилик ва бошқа мутахассисликлар бўйича курслар ташкил этишга барча қулайлик яратилган. Шунингдек, мамлакатимиздаги 160 дан ортиқ, воҳадаги олтита олий таълим муассасасида афғон ёшларининг бакалавр, магистратура, докторантура йўналишларида ўқиш имконияти бор.

Афғонистонлик фуқаролар учун қадимий воҳада марказлашган ҳолда саломатлик, тиббиёт ва зиёрат туризмини йўлга қўйиш, диагностика марказлари ва хусусий клиникаларда кунлик навбатсиз қабулларни ташкил этиш, ўзбек-афғон миллий маданият ҳафталигини жорий этиб, таниқли санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар билан ижодий алоқаларни ўрнатиш, ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, саноат корхоналари кооперациясини ривожлантириш орқали фойдали қазилмалардан самарали фойдаланиши мумкин.

 

 

Ўзаро конструктив руҳда ўтган мажлисда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати атрофлича муҳокама этилиб, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари белгилаб олинди.Таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон Ислом Республикасидаги махсус вакили Исматулло Эргашев, Афғонистон Ислом Республикасининг Термиз шаҳридаги бош консули Сангин Скандари, Ўзбекистон Республикасининг Мозори Шариф шаҳридаги консули Жаъфар Фаттоев иштирок этди.

Мажлис сўнгида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда Балх вилояти волийси Муҳаммад Фарҳод Азимий иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.