Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
Главная Хокимлик янгиликлари Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг воҳа аҳолисига байрам табриги
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг воҳа аҳолисига байрам табриги
2019-08-31 / 88

Азиз воҳадошлар!

Халқимизнинг азалий орзуси бўлган Мустақиллик юртимиз тарихида унутилмас сана сифатида муҳрланмоқда. Ушбу айём нафаси кезиб юрган шу дамларда истиқлол сўзининг нақадар улуғлиги, юракка яқинлигини янаям чуқурроқ ҳис этамиз.

Истиқлол нури йўлларимизни мунаввар этиб, юрагимизга ёруғлик олиб кирганлиги туфайли юртимиз тинч, халқимиз эса ягона мақсад сари дадил одимламоқда.

Барчамиз учун қадрли бўлган шу кунларда Сиз азизларни, барча воҳадошларимизни, қалби қайноқ ёшларимизни мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.

Қадрли дўстлар!

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон” шиори остида кенг нишонланаётганида ҳам чуқур маъно, ҳаётий ҳикмат мужассам.

Кейинги уч йил мамлакатимиз ҳаётида туб бурилиш йили бўлганлиги, ҳар бир жабҳада янгиланиш даврига қадам қўйилганлиги ва бу эса халқимизнинг фаровон ҳаётида ўз аксини топаётганлигини бугун мамнуният билан таъкидламоқчиман.

Ана шундай юксалиш ва тарихий ўзгаришларни воҳамиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Президентимизнинг вилоятимизга қилган ташрифлари чоғида белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар асосида вилоятда йирик ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари қурилиб фойдаланишга топширилаётганлиги халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Хусусан, Термиз халқаро аэропорти, Имом Термизий масжиди, Термиз темир йўл вокзали, “Вилоят тарих ва маданият давлат музейи”, “Қўғирчоқ театри”, вилоят Перинатал маркази, "Зиф текистил" МЧЖ, “Марварид” сиҳатгоҳи, Афғонистон фуқароларини ўқитиш талим маркази биносининг 2-босқичи янгидан бунёд этилди ва капитал реконструкция қилинди.

Шунингдек, “Султон Саодат” мажмуаси, Давлат Архиви биноси, “Термиз ҳайвонот боғи”, Жарқўрғон туманидаги цемент заводи, Сурхон Керамика заводи, Ногиронларни реабилитация қилиш маркази, Қумқўрғон туманидаги “Болалар мурувват уйи” каби ўнлаб давлат ва нодавлат муассасалар жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилади.

Президентимиз томонидан 2019 йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожлантириш” йили, деб эълон қилингани юртимизда иқтисодиётни янада ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, кўплаб иш ўринлари яратиш, бозорни янги маҳсулотлар билан тўлдиришга қаратилган эзгу ниятларни ўзида мужассам этган.

Хусусан, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, жорий йил якунига қадар 579 та лойиҳани амалга ошириш натижасида 2,6 трлн. сўмга тенг инвестиция ўзлаштирилади ва 9000 та янги иш ўринлари яратилади.

Вилоятга хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида, бугунги кунда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони 290 тага етди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 84 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди.

Бугунги кунда, вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш, янги бозорларни ўзлаштириш, юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида 105 млн. АҚШ долларилик маҳсулотлар экспорт қилинди.

Жорий йилда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш тарзини юксалтириш бўйича ҳам бир қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда вилоятда намунавий лойиҳалар асосида 20 та массивда 1001 та арзонлаштирилган уй-жойларни қуриш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этишимиз керакки, 2019-2021 йилларда вилоятимизда Бойсун-Сариосиё ва Сариосиё-Термиз йўналиши бўйича Республикада энг катта йўл (4 қаторли) қурилиши лойиҳаси амалга оширилади.

Шунингдек, Шарғун шаҳрида ва Музработ туманида "Обод марказ" дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, фуқароларимиз учун Мустақиллик байрами арафасида ажойиб туҳфа бўлди десак, янглишмаган бўламиз.

Шу каби, вилоятнинг жами 43 та қишлоқ ва маҳаллаларида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари халқимизга янада қулайлик яратиши, уларнинг оғирини енгил қилиши шубҳасиз.

Вилоятда барча соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганлиги туфайли қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. 

Вилоятимиз деҳқон ва фермерлари ғаллачилик ва пиллачиликда баракали хирмон кўтариб, мамлакатимизда биринчи бўлиб шартномавий режасини бажарганлигини алоҳида таъкидлаш жоиздир.

Айни пайтда далада меҳнат қилаётган пахтакорларимиз ҳам жорий йилги мавсумни ёруғ юз билан якунлашни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.

Муҳтарам воҳадошлар!

Таълим тизими ҳар бир даврда ҳаётнинг ажралмас қисми бўлиб келган.

Бугунги кунда ҳам мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим сифатини ошириш, мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги, келажак авлод тарбияси йўлида қилинаётган улуғвор ишларнинг ёрқин намунасидир.

Куни-кеча Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини янги босқичга олиб чиқиш, таълим сифатини тубдан яхшилаш, ўқитувчи-мураббийларнинг обрўсини кўтариш бўйича керакли топшириқлар, кўрсатма ва тавсиялар бериб ўтилди.

Хусусан, Президентимиз сўзларини Чўлпоннинг “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб мактабларга борайлик” деган ибораси билан тугатдилар. Бу иборанинг тагида жудда катта маъно бор, шу боис ҳам, бу чорлов Мен бошчилик барча раҳбарлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Муҳтарам Президентимиз вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, воҳадошларимизнинг турмуш тарзини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратаётганлиги бу гўшага бўлган меҳрининг ёрқин ифодасидир.

Шундай экан, олдимизга қўйилган улкан марраларни ҳамжиҳатликда, Президентимиз таъкидлаганларидек, халқимиз бугун ҳаётдан рози бўлиб, яхши яшашлари учун барча шароитларни яратиб бериш - бизнинг Сизлар билан олдимизга қўйган энг асосий мақсадимизга айланмоғи лозим.  

Қадрли воҳадошлар!

Сиз азизларни яна бир бор истиқлол айёми билан табриклаб, хонадонларингизга осойишталик, дастурхонларингизга қут-барака тилайман.

Байрам кунларида қилинаётган эзгу тилакларимиз ижобат бўлиб, барчамизни буюк бобо-калонларимиз руҳи поклари қўлласин!

Хонадонларимизда қувончли кунлар, тўю томошалар кўпайсин!

Юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 

Тўра Боболов,

Сурхондарё вилояти ҳокими

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.