Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
Главная Хокимлик янгиликлари Сурхондарё халқаро археологик форумга тайёрланмоқда
Сурхондарё халқаро археологик форумга тайёрланмоқда
2019-08-22 / 79

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24-25 август кунлари Термиз шаҳрида “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” мерос ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси“ номли халқаро археологик форум ўтказилади.

Ушбу нуфузли форумга 80 дан ортиқ мамлакатдан дунё илм-фани вакиллари – таниқли археолог олимлар, музейлар ва илмий институтлар раҳбарлари иштирок этиш истагини билдирган.

Форум меҳмонларини Термизда кўплаб ҳайратга солувчи кашфиётлар кутмоқда. Улардан бири академик Эдвард Ртвеладзе бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар қадимий грек тарихчиси ва географи Птолемей асарларида ёдга олинган ва эллинистик маданиятнинг Марказий Осиёдаги ғаройиб ёдгорлиги саналган афсонавий Окс Искандарияси Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида жойлашганлигини исботлайдилар.

Айтиш керакки, кўп йиллар давомида илмий жамоатчилик вакиллари “Окс Искандарияси қаерда - Эски Термиздами, Ой-хонумдами ёки Кампиртепада?”, деган савол атрофида мунозара олиб боришган.

Нуфузли ўзбек олимлари томонидан сўнгги йилларда олиб борилган қазишма ишлари натижасида Окс Искандарияси Амударё (қадимда Окс) соҳилида милоддан аввалги IV аср охири ва милоддан аввалги I асрга қадар мавжуд бўлган порт шаҳар – Кампиртепа харобалари эканлиги аниқланди ва бу илмий дунёда кучли акс-садога сабаб бўлди.

24-25 август кунлари Термизда бўлиб ўтадиган халқаро археологик форумда бу шов-шувли кашфиёт илк марта айнан шу ерда эълон қилинади, дунё илм-фани вакиллари Кампиртепа ёдгорлигида бўлиб, қадимий археологик обида билан яқиндан танишади.

Шу кунларда вилоятда мазкур халқаро тадбирни юксак савияда, Сурхондарёга хос меҳмондўстлик билан ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Нуфузли форумнинг асосий анжуманлари ўтказиладиган “Санъат саройи” ва Термиз археология музейини тайёрлаш, замонавий усулда техник жиҳозлаш ишлари якунланди. Ранг-баранг концерт дастурлари, театрлашган чиқишлар, ноёб ҳунармандчилик буюмлари кўргазмасини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.