Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
Главная Танқидий материалларга тезкор муносабат “Бизга инвесторлар керакми ё йуқ: Ҳиндистонлик инвесторни Сурхондарёда қийнаётган муаммолар ҳақида” сарлавҳали материал юзасидан расмий муносабат
“Бизга инвесторлар керакми ё йуқ: Ҳиндистонлик инвесторни Сурхондарёда қийнаётган муаммолар ҳақида” сарлавҳали материал юзасидан расмий муносабат
2019-08-05 / 83

Узун тумани ҳокимлиги Kun.uz сайтида 2019 йилнинг 2 август куни эълон қилинган “Бизга инвесторлар керакми ё йуқ: Ҳиндистонлик инвесторни Сурхондарёда қийнаётган муаммолар ҳақида” сарлавҳали материалдаги ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 апрель ва 01 май кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида тасдиқланган дастурга асосан, Республика Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси ҳамда “Ферула Шифобахш” МЧЖ ҳамкорлигида каврак ўсимлигини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.

“Ферула Шифобахш” МЧЖ 2018 йилнинг 9 апрелида Тошкент шаҳар, Бектемир туманида рўйхатдан ўтказилган.

2018 йилнинг 30 октябрида ушбу қўшма корхона ҳамда “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалиги ўртасида каврак ўсимлигини экиш ва келгусида ҳосилга киргандан сўнг маҳсулот олиш учун ер ажратиш тўғрисида шартнома тузилган.

Мазкур шартномага асосан, “Ферула Шифобахш” МЧЖга жами 4606.1 гектар ер майдони 10 йил муддатга ажратиб берилган. Унинг 1.2 бандига мувофиқ, ажратилган ер майдонининг ҳар бир гектарига 2 (икки) килограммдан уруғ тайёрлаб, экиш, етиштириш ва ҳосил тўплагандан сўнг унинг ширасини йиғиб олиш мажбурияти юклатилган.

Қолаверса, шартноманинг 3.2 бандида корхонага дастлабки 30 иш куни мобайнида 500 минг, 2019 йилнинг март ойи охирига қадар яна 500 минг - жами 1.0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағи киритиш белгилаб қўйилган.

Ҳозирда мамлакатимизда кавракни маданий ҳолда ўстиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, табиий ҳолда ўсган бу ноёб ўсимлик илдизидан смола-шираси йиғиштириб олинаверса-ю, маданий ҳолда етиштириб, кўпайтиришга эътибор берилмаса, унинг йўқолиб кетиш эҳтимоли ҳам ортиб бораверади.

Аммо, ўтган давр мобайнида қўшма корхона томонидан ушбу мажбуриятлар бажарилмасдан келинди. Каврак ўсимлиги маданий ҳолда экилгандан сўнг 6-7 йилда ҳосилга киришини ўйлаб, ўзига бириктирилган ер майдонида на ўсимлик уруғини экди ва на инвестиция маблағини киритди.

Устига устак, табиий ҳолда ўсган ўсимлик ширасини йиғиштириб олиш учун 4100 килограммга Республика Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитасининг тегишли рухсатномасини олди. “Ферула Шифобахш” МЧЖга ажратилган ер майдонидан эса 23000 килограммга яқин таббий усулда ўсиб чиқувчи коврак ширасини йиғиб олиш имконияти мавжуд.

Рухсатнома қоида тариқасида, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан рўйхатдан ўтказишилиши ҳамда корхона томонидан ушбу ҳудудга каврак ширасини териб олиш учун қанча ишчи кучи олиб кирилиши хусусида “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалигига алоқа хати берилиши лозим. Лекин, қўшма корхона томонидан бу тартибга риоя қилинмаган.

“Боботоғ” давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида 6 нафар хорижий инвесторнинг 1000 нафарга яқин ёлланма ишчилари (чет эллик фуқаролар билан бирга) ишлаётганлиги инобатга олинса, ўзбошимчалик билан шира йиғишга киришиш бошқа инвесторлар ишчилари билан келишмовчиликларни юзага келтириши табиий.

Шундай келишмовчилик туфайли, “Ферула Шифобахш” МЧЖ 2019 йилнинг 20 июлида туман ички ишлар бўлимига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади. Ушбу мурожаат туман ҳокимлиги ҳамда ички ишлар бўлими ходимлари иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилиб, ходимлари устидан хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалиги раҳбариятига кўрсатма берилди. Тартибни бузганлиги учун ёлланиб ишловчи маҳаллий аҳоли вакилларидан тушунтириш хатлари олиниб, профилактика ишлари олиб борилди.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: “Ферула Шифобахш” МЧЖ шартномага мувофиқ ўзига юклатилган мажбуриятларни қай даражада бажармоқда?

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи доирасида тасдиқланган дастурга асосан, қўшма корхона 2019 йил давомида 2 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш мажбуриятини олган. Аммо, жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида кавракни қайта ишлаш заводини қуриш учун бир сўмлик ҳам сармоя киритмаган. Демак, унинг бу ҳатти-ҳаракати табиий ҳолда ўсган бу қимматбаҳо ўсимлик ширасини йиғиштириб олиб кетишдан иборат холос, деган фикрни уйғотади кишида.

Бизнинг ушбу ҳудуд ва йўналишга инвесторларни жалб этишимиздан кўзланган мақсад, каврак ўсимлиги йўқолиб кетишининг олдини олиш, уни плантацияларда етиштиришни самарали ташкил этиш, хомашёсини қайта ишлаш ҳажми ҳамда экспортини кенгайтиришдир. Бу эса туман иқтисодиёти ривожи, аҳоли бандлиги ва турмуш даражасининг ўсишида муҳим аҳамиятга эга.

Иқтисодиётимизга сармоя киритишга интиладиган, икки томонлама манфаатли лойиҳаларни амалга оширадиган, халқимиз фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшадиган инвесторлар керак бизга, албатта. Биз шундайларни қўллаб-қувватлашга, улар учун туманимизда барча шарт-шароитларни яратиб беришга ҳамиша тайёрмиз!

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.