Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарё вилояти ҳокими Ўзбекистон теннис федерацияси Бош котиби Ирода Тўлаганова билан учрашди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов воҳамизга ташриф буюрган машҳур спортчи, Ўзбекистон теннис федерацияси Бош котиби, Осиё теннис федерацияси вице-президенти Ирода Тўлаганова билан учрашди.

Президентимиз раҳнамолигида ёшлар ўртасида спортни, хусусан, теннисни кенг оммалаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар етиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Ҳозирда Сурхондарё вилоятида 15 та теннис майдонлари бўлиб, 100 нафардан ортиқ ўғил-қиз ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келади. Диана Русланова, Дилмурод Чориев, Умиджон Мамашарипов, Шоҳруҳ Тошпўлатов, Жасур Тўраев, Суннатулла Холмуродов, Шоҳруҳ Баҳромов, Диёрбек Баҳромов, Ҳамробек Баҳромов, Маманазар Раҳимжонов, Улуғбек Усмонов, Маржона Эргашева, Шаҳноза Ҳайитмуродова, Азиза Раҳматуллаева, Темурбек Эргашев сингари ёш сурхондарёлик теннисчилар Республика миқёсида ўтказиб келинаётган мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олиб келишмоқда.

Ситора Нормуродова Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун айни вақтда теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сафида машғулотларни ўтамоқда. 

Мулоқот чоғида вилоятда ушбу спорт турини янада ривожлантириш мақсадида янги теннис корти мажмуасини бунёд этиш, бу ерда ёшларнинг тажрибали мутахассислар мураббийлигида маҳоратини ошириб боришлари учун зарур шароитларни яратишга келишиб олинди.

Термиз шаҳрида жаҳон талабларига тўла жавоб берадиган замонавий теннис корти мажмуасини қуриш учун ер ажратиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилиш ишларини бошлаш тўғрисида мутасаддиларга кўрсатма берилди.

Самимий суҳбат чоғида Ирода Тўлаганова Сурхон воҳасига сафари унда катта таассурот қолдираётганини таъкидлаб, сурхондарёлик ёшларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиб, ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён қилиши учун яратилаётган имкониятларни юқори баҳолади.

Маълумот учун, жаҳоннинг энг кучли ракеткачилари сафидан муносиб ўрин эгаллаган машҳур спортчи, теннис маликаси, ҳозирда Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби ва Осиё теннис федерацияси вице-президенти сифатида фаолият кўрсатаётган Ирода Тўлаганова1982 йил 7 январда Тошкент шаҳрида туғилган.

Профессионал спортчи сифатида 1999 йилдан ўз фаолиятини бошлаган. Теннис бўйича Бутунжаҳон ўсмирлар ўйинлари бронза медали совриндори (1998, Москва), ўсмир қизлар ўртасида Осиё чемпионати (1999, Фукуока), «Wimbledon» (1999, Лондон) ва жуфтликда “US Open” турнирлари (1999, Нью-Йорк) ғолиби. Пусанда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари чемпиони (2002 йил). 2006 ва 2007 йилларда Осиё чемпиони. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари, “Шуҳрат” медали соҳибаси.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.