Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарёлик байрам иштирокчилари тантанали маросимни онлайн видеоалоқа тизими орқали кузатиб борди

Тантанали маросимни вилоят ҳокими Тўра Боболов, 2 нафар сурхондарёлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари вилоят студиясидан, уруш фахрийларидан 4 нафари ўз хонадонида тўғридан-тўғри вилоят студиясига уланган ҳолда, қолган 21 нафари эса ўз уйларида телевидение орқали тўғридан-тўғри кузатиб борди.

Байрам тадбирида Президент Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун халқимизни табриклади.
1941 йил арафасида республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд бўлган. Уруш бошланиши билан, шундан қарийб 2 миллиони фронтга отланган. Бу қаҳрамон инсонларнинг 500 мингдан зиёди жангларда ҳалок бўлган.
– Биз бу рақамларни ҳар йили қайта-қайта эсга оламиз. Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида муштипар оналаримиз, момоларимиз, мард ва жасур оталаримиз, бутун халқимиз қалбидаги чексиз қайғу ва ҳасрат мужассам. Бу дарду аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди, – деди давлатимиз раҳбари.

Урушдан жабр кўрган 1 миллион 500 мингдан ортиқ кексалар, аёллар ва болалар республикамизга кўчириб келтирилган. Уларнинг 250 мингдан зиёди ота-онасидан айрилган болалар эди.
– Эл-юртимиз мудҳиш уруш йилларида ўзининг юксак гуманистик фазилатларини намоён этди. Ўзбекистонга олиб келинган турли миллатга мансуб минг-минглаб инсонларга бошпана берди, меҳр-шафқат, одамийлик кўрсатиб, энг сўнгги нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. Халқимизнинг бундай улкан жасорати, олижаноблиги бутун дунёда ҳурмат-эътирофга сазовор бўлди. Ва бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тадбир телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди. Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги байрам иштирокчилари, нуронийлар билан видеоалоқа орқали мулоқот қилди.
Шавкат Мирзиёев тадбирга келган уруш ва меҳнат фахрийлари билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради. Уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилади. Кексалар мамлакатимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилди.
Президент нуронийлар билан бирга байрамга бағишланган концерт дастурини томоша қилди.

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.