Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Тўра Боболов Афғонистондан Сурхондарёга инвестиция киритиш истагида келган тадбиркорларни ҳам қабул қилди

Сурхондарёда ўз бизнесини юритаётган афғонистонлик ишбилармонларнинг ютуқ ва муаммоларини тинглаб, ўртага ташлаган масалаларига эътибор қаратган Тўра Боболов бугун Афғонистондан Сурхондарё вилоятига инвестиция киритиш истагида келган 20 дан ортиқ тадбиркорни ҳам қабул қилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси асосида воҳага хорижий инвесторларни жалб этиш, уларга қўшимча қулайликлар бериш учун Афғонистон Ислом Республикаси ва Сурхондарё вилояти чегара олди ҳудудида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва “Термиз халқаро савдо маркази” ташкил этилаётгани мамлакатларимиз ишбилармон доиралари учун қулай имконият яратаётир.

26 гектар майдонда барпо этилаётган “Термиз” халқаро савдо марказида замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш хизматлари, электрон савдо порталлари ташкил этилиб, икки давлат ишбилармонлари учун тўлиқ савдо-сотиқ қилиш муҳити яратилади.

Қабул чоғида қўшни давлат сармоядорлари вилоятнинг бой тадбиркорлик салоҳияти, хорижлик инвесторлар учун мавжуд имтиёзлар, преференциялар, мамлакатларимиз ишбилармонлари доирасининг тенг шерикликка асосланган ўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида етарли маълумотга эга бўлди.

– Мана, Амударёнинг шундоқ ёнида давлатимиз раҳбари ғояси билан “Термиз” халқаро савдо марказини барпо этаяпмиз, – деди вилоят ҳокими Т.Боболов. –Бу ерда нафақат, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари балки, сизлар ҳам ўз маҳсулотингизни олиб келиб, сотиш имкониятига эга бўласиз. Қадимдан яқин дўст ва ишончли ҳамкор бўлиб келган ён қўшнимизни қўллаб-қувватлаш бизга аждодлардан қолган шарафли бурчдир.

Меҳмонлар “Термиз” эркин иқтисодий зонаси раҳбари Улуғбек Сапиевнинг Термиз туманидаги Айритом маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва “Термиз” халқаро савдо марказида яратилаётган замонавий шароит ва қулайликлар тўғрисидаги тақдимоти билан яқиндан танишди. Уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. 

Афғонистонлик ишбилармонлар самимий қабул учун вилоят ҳокимига чуқур миннатдорлик билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Мозори Шариф шаҳридаги консули Жавҳар Фаттоев иштирок этди.  

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.