Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарё ҳокими ҳар ойда бир марта афғонистонлик тадбиркорларни қабул қилиб, муаммоларини ўрганади

Бу ҳақда вилоят ҳокими Тўра Боболов воҳада тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўз бизнесини юритаётган қўшни Афғонистон Ислом Республикаси ишбилармон доираси вакиллари билан бўлган учрашувида маълум қилди.

Очиқ мулоқот чоғида, уларнинг ютуқ ва муаммоларини тинглаб, тадбиркорлар ўртага ташлаган масалаларга эътибор қаратди. 

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг сўнгги йиллардаги учрашувлари икки қўшни давлат ўртасидаги ўзаро дўстлик, биродарлик ришталари, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Хорижий инвесторларга юртимизда яратилган қулай муҳитдан фойдаланиб, афғон ишбилармонлари Сурхон воҳасида саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш каби тармоқларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётгани қайд этилди.

Бундан саноқли йиллар муқаддам Сурхондарё вилоятида қўшни мамлакат сармоядорлари иштирокида 40 дан ортиқ қўшма ва хорижий корхона фаолият юритган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 300 га яқинлашди. Пандемия дунё иқтисодиётига чанг солган ўтган йили афғон сармоядорлари ҳудудга 33 миллион доллар қийматида инвестиция киритиб, вилоят қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилган. Шунингдек, воҳа корхоналари Афғонистонга 42 миллион доллардан ортиқ қийматдаги маҳсулотларни экспорт қилган. Унинг асосий қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этади.

Очиқ мулоқотда юзга яқин афғонистонлик тадбиркор иштирок этди. Уларнинг элликка яқин мурожаати тингланиб, ўртага ташлаган муҳим масалаларга ечим изланди. Жумладан, Бойсун туманидаги “PRB Investment Co” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Касер Суреж Аҳмад электр энергиясидаги узилишларнинг олдини олиш учун лойиҳани ишга туширгунча алоҳида трансформатор ўрнатиб бериш ва Шеробод цемент заводидан клинкер маҳсулоти олишда ёрдам сўради. Бу масала тегишли ташкилотлар томонидан яқин кунларда ҳал этиладиган бўлди. “Грин Голд Нурсери” масъулияти чекланган жамияти бошлиғи Исматулло Раҳимий Сариосиё туманида 25 гектар майдонда интенсив мевали боғ барпо этгани, бироқ дала шийпони қуришга маҳаллий ҳокимликдан рухсат ололмаётганини баён этди. Бу муаммо ҳам ўз ечимини топадиган бўлди. Унга боғ ёнида енгил конструкцияли шийпон қуриш тавсия этилди. Термиз туманидаги “Термиз юнг ишлаш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Маҳдум Асадуллонинг кириш рухсатномасини бир йилга узайтириш бўйича сўраган ёрдами ҳам жойида ҳал этилди. 

Бойсун туманидаги “Бойсун тараққиёт Муҳаммад” фермер хўжалиги 70 гектар майдонда коврак ўсимлигини парваришлайди. Иккита чорва комплекси барпо этиб, Қозоғистондан 240 бош қорамол, Покистон давлати ва Навоий вилоятидан беш юз бош эчки олиб келган. Айни пайтда хўжаликда 120 дан ортиқ киши меҳнат қилади. Хўжалик раҳбари Камолиддин Камол коврак ширасини экспорт қилиш учун квота олиш ҳамда чорвачиликни ривожлантириш учун яйлов ажратишда амалий ёрдам кўрсатишни сўради. 

– Мурожаатимни эшитган вилоят раҳбари тез кунларда уни ҳал этиб беришга ваъда қилди, – дейди афғонистонлик Камолиддин Камол. – Ўтган йили хорижга 800 минг доллар қийматидаги маҳсулотни жўнатган эдик. Яна 50 тоннага яқин шифобахш маҳсулотимиз бор. Ўзбекистонда тинчлик, осойишталик бўлгани учун биз ён қўшни воҳага маблағ тикиб, ўз бизнесимизни юритаяпмиз. Кейинги йиллардаги эътибор ва берилаётган имтиёзлардан жуда мамнунмиз. Бу осуда юртингизда бизнесимизни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. 

Қабул чоғида афғонистонлик ишбилармонлар замонавий клиника, хусусий мактаб барпо этиш, меҳмонхона ва умумий овқатланиш нуқтаси, чорвачилик комплекси қуриш, доривор гиёҳлар, мева-сабзавот етиштириш учун ер майдони ажратиш, доимий яшаш ҳуқуқини олишда кўмаклашиш каби масалаларни ҳам ўртага ташлади. 

Мулоқотда қўшни давлат ишбилармонларининг аксарият мурожаатлари жойида ечимини топди. Ҳал этилиши вақт талаб қиладиган масалалар бўйича муддат белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди. 

Учрашувда Афғонистон Ислом Республикасининг Термиз шаҳридаги бош консули Сангин Скандари, Ўзбекистон Республикасининг Мозори Шариф шаҳридаги консули Жавҳар Фаттоев иштирок этди.  

8 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.