Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
расмий сайти
Главная Хокимлик янгиликлари Сурхондарёда яна бир замонавий дам олиш маскани иш бошлади
Сурхондарёда яна бир замонавий дам олиш маскани иш бошлади
2020-11-14 / 60

Президентимиз 2017 йилнинг 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Термиз марвариди” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, гўзал табиат қўйнидаги сув омбори бўйида замонавий дам олиш ва соғломлаштириш масканлари барпо этиш, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш юзасидан тегишли вазифаларни берган эди. 

Шунга мувофиқ “Термиз марвариди” масъулияти чекланган жамияти реконструкция қилиниб, янги иншоотлар қурилди. Замонавий усулда жиҳозланиб, аҳолининг дам олиш ва саломатлигини тиклаши учун барча қулайликларга эга санаторий бунёд этилди. Унинг ёнида “Марварид” дам олиш маскани қад ростлади.

Мовий сув омбори атрофи нафақат тиббиёт туризмини йўлга қўйиш, балки, эко ва бошқа сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш учун ҳам қулай шароитга эга ҳудуд. “Универсал аргалид” масъулияти чекланган жамияти барпо этаётган “OXUS” дам олиш масканида ҳудуднинг ана шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилгани аҳамиятлидир.

Тадбиркорларнинг таъкидлашича, беш гектар ташландиқ майдонда бунёд этилаётган маскан маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун барча замонавий қулайликларга эга йирик комплекс бўлади. Бунинг учун 17 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.

Бу ерни обод гўшага айлантириб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни сўлим сув бўйига чорлаётган тадбиркорлар икки йил давомида бу ердаги қумлоқ майдонни қудратли техникалар ёрдамида текислаб, тош ва чиқиндилардан тозалади. Манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазиладиган майдонларни унумдор тупроқ билан бойитди. 

Уч минг тупдан ортиқ мевали ва минг тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатларини экиб, ўндириб олди. Дастлабки босқичда умумий овқатланиш ва савдо нуқталари, гўзаллик салони, бассейн, болалар майдончаси бунёд этилиб, жиҳозланди. Минифутбол майдони,теннис корд қурилди. Мўъжазгина ҳайвонот боғи барпо этилиб, турли парранда ва туя қуш олиб келинди. Хориждан битта 17 кишилик, 2 та уч кишига мўлжалланган янги моторли қайиқ келтирилди.

– Сув омбори бўйи ёзнинг чилласида оилавий дам олиб, ҳордиқ чиқариш учун жуда қулай ҳудуд, – дейди дам олиш маскани иш юритувчиси Умид Жалилов. – Ҳавоси салқин, тоза бўлади. Шунинг учун биз маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, шунга мос шароит яратишга ҳаракат қилаяпмиз. 

Шу мақсадда меҳмонхона, ресторан, ичкарисида бассейни билан икки қаватли учта коттеж уй қурилишига пойдевор ташлаяпмиз. Келгуси йил яна ўнта икки қаватли шинам коттеж уй қурмоқчимиз. Буларнинг барчаси сайёҳлар дидига мос жиҳозланиб, сифатли хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади. Ҳайвонот боғимиз ранг-баранг жониворлар билан бойитилади. Шу кунларда дам олиш масканимизга келиб кетаётганлар ҳам одамларда чет элникидан қолишмайдиган бундай жойларга эҳтиёж ошиб бораётганини кўрсатмоқда.

Айни пайтда дам олиш масканида 50 га яқин янги иш ўрни яратилди. У тўлиқ қурилиб, ишга туширилгач, 200 дан ортиқ йигит-қизнинг бандлиги таъминланади.

–Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги “Экотуризмни ривожлантириш ва сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкалари ажратиш тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам туризмни янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётир, – дейди Сурхондарё вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зебунисо Алимарданова. 

– Шунга асосан воҳанинг Қумқўрғон туманидаги “Жанубий Сурхон”, Термиз туманидаги “Учқизил” ва Сариосиё туманидаги “Тўпаланг” сув омборлари бўйида барпо этиладиган туристик обьектлар нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳлар учун энг севимли жойга айланади. Бунга “Учқизил” сув омбори бўйида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари яққол далилдир. Келгуси йил мафтункор тоғларга туташ “Тўпаланг” сув омбори ҳудудида ҳам қурилиш ишларини бошлашга ҳозирлик кўрилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 майдаги “Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам мазкур ҳудудларда экотуризмни йўлга қўйиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Вилоятда соҳани ривожлантиришга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётгани ҳам тадбиркорларнинг сув омборлари бўйидан оқилона фойдаланишига қулай муҳит, катта имконият яратди. Бу қулайликдан унумли фойдаланишни мақсад қилган “Универсал аргалид” масъулияти чекланган жамияти ҳам янги дам олиш маскани ҳудудида сайёҳлар учун мароқли экотурлар, ҳаваскорлар учун балиқ овини ташкил этиш, қайиқда сузиш, сув спортини, футбол, теннис, чавондозлар учун от спортини йўлга қўйиш, қайиқларда саёҳат қилиш каби йўналишларда хизмат кўрсатишни режалаштирган.

Бундай улуғвор ишлар миллий иқтисодиётимизни юксалтириб, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни муносиб дам олдириб, саломатлигини сақлаш ва обод, фаровон турмуш кечиришини таъминлашга қаратилгани эътиборга сазовордир.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.