Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
расмий сайти
Главная Хокимлик янгиликлари Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг ўқитувчи ва мураббийларга байрам табриги
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг ўқитувчи ва мураббийларга байрам табриги
2020-10-01 / 115

Қадрли ва муҳтарам устозлар! 

Аввало, биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сиз меҳридарё устозларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман.

Прездентимиз таъбири билан айтганда, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидойи касб эгаларидир.

Бугунги кунда мамлакатимизда педагогларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида фидойи ўқитувчилар, касбига содиқ мураббийлар, жонкуяр тарбиячиларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини юксак қадрлашдек эзгу мақсад мужассам.

Мамлакатимиз таълим соҳасида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, мактабгача таълим муассасалари тармоғининг кенгайтирилиши, умумий ўрта таълимда 11 йиллик тизимга ўтилиши, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг оптималлаштирилиши, нодавлат таълим хизмати кўрсатишнинг йўлга қўйилиши, янги олий таълим муассасаси ва филиалларнинг ташкил этилиши, турли йўналишлар бўйича кечки ва сиртқи бўлимларнинг очилиши, олий таълим қамрови даражасининг оширилиши келажагимиз пойдеворининг янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Вилоятимизда янгидан бунёд этилаётган, реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланаётган таълим муассасалари ва уларда яратилаётган кенг шарт-шароитлар бугун барчамизни, айниқса, устозларимизни янгидан-янги марраларга даъват этмоқда. Фарзандларимизнинг билим самарадорлини ошириш ҳисобидан қатор йўналишлар бўйича юқори натижаларнинг қўлга киритилаётгани соҳа фидойиларининг самарали меҳнатлари маҳсулидир.

Ўтган уч йил давомида Сурхондарё вилоятида мактабгача таълим ташкилотлари сони 288 тадан 721 тага, болалар қамрови 31 055 нафардан 72 338 нафарга ортди. Ҳозирда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси 31,4 фоизни ташкил этади.

Вилоятдаги мавжуд 926 та умумий ўрта таълим мактабида 506 минг 824 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларга 41 минг 700 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда. Жорий йилда 1 минг 500 нафардан ортиқ олий маълумотли мутахассислар умумтаълим мактабларига ишга қабул қилинди.

2020/2021 ўқув йилидан вилоятимизда математикага ихтисослашган 4 та умумтаълим мактаби ўз фаолиятини бошлади. Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган 3 та мактаб-интернати кимё ва биологияни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига айлантирилди.

Бугунги кунда вилоятда олий таълим муассасалари сонининг 6 тага етиши, янги ўқув йилидан Денов тадбиркорлик ва педагогика институти, шунингдек, Термиз давлат университетида юридик факультетининг очилиши воҳа ёшларининг орзу-истакларини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлди.

Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланганини таъкидлади.

Қадрли муаллимлар!

Кеча Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимни барчамиз онлайн ёки оммавий ахборот воситалари орқали кузатдик.

Давлатимиз раҳбари ўқитувчи ва зиёлиларга йўллаган мурожаатида мамлакатимизда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгилангани, Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланишини таъкидлади.

Ўзига хос тарихий мулоқот шаклида ўтган ушбу байрам тадбиридаги мурожаатда Президентимиз томонидан белгилаб берилган таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлидаги долзарб вазифалар, жумладан, ҳар бир раҳбарнинг ўз ҳудудидаги, айниқса, қишлоқлардаги мактаблар ҳолатидан доимий хабардор бўлиши, у ердаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиши лозимлиги тўғрисидаги керакли топшириқ ва кўрсатмалар Мен бошчилик барча раҳбарлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Муҳтарам устозлар!

Президентимизнинг 2020 йил 30 сентябрдаги фармонига кўра, Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ соҳа ходимлари қаторида вилоятимиздан ҳам бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийларнинг турли даражадаги давлат мукофотларига муносиб топилгани қалбимизга олам-олам қувонч бағишлади.

Фурсатдан фойдаланиб, тақдирланганларни ушбу юксак мукофотлар, Сизларни эса касб байрамингиз билан яна бир бор самимий табриклайман.

Сизларга мустаҳкам соғлик, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Байрамингиз муборак бўлсин, азизлар!

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.