Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
расмий сайти
Главная Хокимлик янгиликлари Сурхондарёнинг қурилиш материалларига Сингапур ва Эстония ҳам харидор бўлди
Сурхондарёнинг қурилиш материалларига Сингапур ва Эстония ҳам харидор бўлди
2020-09-15 / 65

Бугун Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Видеоалоқа шаклида “Zoom” дастури орқали ташкил этилган сессияда маҳаллий кенгашлар депутатлари, вилоятдан Олий Мажлис Сенатига сайланган сенаторлар, кун тартибидаги масалаларга алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Т.Боболов бошқариб борган сессияда Президентимизнинг “2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Денов тумани ҳокими Б. Иботовнинг ҳисоботи тингланди.

Ҳисоботда мамлакатимизда кейинги йилларда юз бераётган янгиланишлар ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартириб, одамларнинг муносиб турмуш кечириши учун янада қулай муҳит яратаётгани алоҳида таъкидланди.

Мазкур ҳужжат билан 2020-2022 йилларда Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари тасдиқланди.

Дастурга кўра, биргина жорий йилда қиймати 603 миллиард 420 миллион сўмлик 181 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

– Дастурда кўзда тутилган ишларни бажариш учун дастлаб ҳудуднинг бош режаси танқидий ўрганиб чиқилиб, яқин ва ўрта истиқболдаги шаҳарсозлик вазифаларни белгилаб олдик, – дейди туман ҳокими. – Жумладан, Шароф Рашидов номли ва Мустақиллик кўчаларида туман марказининг қиёфасини тубдан ўзгартириш, тарихий қисмини таъмирлаш ва тиклаш, кўп қаватли уйлар қуриш, истироҳат боғлари, сайилгоҳлар, замонавий савдо марказлари, инфратузилма объектлари барпо этишни назарда тутадиган батафсил режалаштириш лойиҳалари “Ўзшаҳарсозлик” ЛИТ томонидан ишлаб чиқилиб, кўриб чиқиш учун шаҳарсозлик кенгашига тақдим этилди. Шунингдек, Мустақиллик кўчасидаги XVI асрда қурилган Саид-Оталиқ мадрасаси мажмуасини таъмирлаш, тиклаш ишларини “Термиз Обида-таъмир” масъулияти чекланган жамияти тегишли лойиҳа асосида бошлаб юборди.

Туманда йилнинг ўтган даврида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича 57 та лойиҳадан қиймати 14 миллион 742 миллион сўмлик 11 та лойиҳа бажарилиб, 67 та янги иш ўрни яратилди. Саноат тармоқларини ривожлантиришда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, маҳаллий хом-ашёдан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали валюта тушумини ошириш учун 2 та лойиҳада 991 минг доллар қийматидаги маблағ ўзлаштирилди.

Ҳисоботда ижтимоий соҳалар, йўл-транспорт инфратузилмаси, ичимлик сув таъминоти ва канализация тармоқлари, электр энергияси ва газ тизими, кўп қаватли уй-жойлар қурилиши, ободонлаштириш-таъмирлаш, ахборот-коммуникация технологиялари, туризм каби йўналишларда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Сессияда депутатлар вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи А.Ориповнинг “2020 йил учун экспорт прогноз кўрсаткичларини бажариш, маҳаллий экспортёрларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ижроси тўғрисида”ги ҳисоботини ҳам тинглаб, муҳокама этди.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 253 та ҳудудий корхона 24 та давлатга 150,4 миллион долларлик 291 турдаги маҳсулот экспортини амалга оширди. Шундан 87,4 миллион доллари саноат, 63 миллион доллари мева-сабзавот маҳсулотларидир.

Ҳисобот даврида 132 та тадбиркорлик субъекти экспорт фаолиятига янгидан жалб этилиб, улар томонидан 54,4 миллион долларлик маҳсулот хорижга жўнатилди. Жорий йилда воҳанинг экспорт географияси Сингапур, Эстония, Қирғизистон каби давлатларга кенгайди. Хусусан, Сингапур ва Эстонияга 1,9 миллион долларлик қурилиш материаллари, Қирғизистонга 6,5 миллион долларлик тикув трикотаж ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.

Дунё ҳамжамиятини пандемия жиддий ташвишга қўйган бу йилги шароитда экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаб, вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда. Воҳада жорий йил учун белгиланган 350,3 миллион доллар қийматидаги маҳсулот экспортини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Сессияда шунингдек, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.