Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
Расмий муносабат
2021-01-04 / 584

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Effect.uz Ахборот агентлиги томонидан 2021 йилнинг 3, 4 январь кунлари эълон қилинган мақола ва видео лавҳалар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

1. “Яна эшиклар ёпиқ! Effect.uz ходими Сурхондарё вилояти ҳокимлигига киритилмади” сарлавҳали мақола ва видео лавҳа юзасидан:

Effect.uz Ахборот агентлиги мухбири бир неча бор туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, шунингдек вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари томонидан қабул қилинган ҳамда Қизириқ туманидаги фермер хўжаликлари раҳбарлари мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Бироқ, Effect.uz томонидан эълон қилинган мақола ва видео лавҳада вилоят ҳокимлиги вакиллари турли важлар билан қабул қилмаганлиги билдирилган. Бу эса аҳолида ҳокимлик фаолиятига нисбатан ишончсизлик уйғотишга олиб келган ҳамда ҳокимлик ходимларнинг иш фаолиятига салбий таъсир ўтказган.

Шунингдек, Effect.uz мухбири 2021 йилнинг 3 январь куни вилоят ҳокимлигига келиб, вилоят ҳокими билан суҳбатлашиш истаги борлигини маълум қилган, бироқ якшанба дам олиш куни эканлиги сабабли, мухбирга иш кунлари келиши лозимлиги тушунтирилган.

Шу билан бирга, мухбир томонидан вилоят ҳокимининг интервьюсини ташкил этиш юзасидан шу кунга қадар оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) мурожаат қилинмаган.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасида оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилиши белгиланган. Ушбу ҳақида мухбирга тегишли тушунтиришлар берилган.

Бундан ташқари, Қизириқ туманида мухбирнинг халқ депутатлари Кенгаши сессиясига киритилмаганлиги билдирилган.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига асосан сессияга таклиф этиладиган шахслар сонини аниқлаш ва сессия ишини ташкил этишга доир бошқа масалалар халқ депутатлари Кенгашининг Иш тартибига мувофиқ белгиланади. Effect.uz мухбири сессияда иштирок этиш юзасидан Кенгашга мурожаат қилмаганлиги сабабли таклиф қилинганлар рўйхатига йўқлиги боис сессияга ҳам киритилмаган.

2-3. “Ҳокимлар қабул қилмаса, Президент қабулхонасига борамиз! Сурхондарёда фермерлар норози”, шунингдек, “Тўра Боболов раислигида ўтган йиғилишда қизириқлик фермерларга босим ва таҳдид бўлгани айтилмоқда” сарлавҳали видео материаллар юзасидан:

Қизириқ туманида охирги йилларда пахта ва ғаллачилик соҳасида юқори натижаларга эришилмаяпти. Туман фермер хўжаликларининг солиқ ва таъминотчи корхоналар, шунингдек, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси олдида юзага келган катта қарздорликлари шу кунга қадар сўндирилмасдан, фермер хўжаликларида ишловчи ходимларнинг иш ҳақлари вақтида берилмасдан қолмоқда. Шу боис, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан туманда қишлоқ хўжалигини такомиллаштириш мақсадида пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш тўғрисида таклиф киритилиб, “Surxon cotton tekstil cluster” МЧЖ танлаб олинган. 

Мазкур ҳолат бўйича Қизириқ туманидаги фермер хўжаликларининг норози бўлиб, қилган мурожаати юзасидан мухбир ва фермерларга туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, шунингдек вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари томонидан бир неча бор ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Жумладан, бугун 4 январь куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Қизириқ туман ҳокимлиги биносида фермер хўжаликларини қабул қилган. Қабул давомида мурожаат эгаларининг ҳар бири бирма-бир тингланган. Уларга нисбатан ҳеч қандай босим ёки таҳдид бўлмаган.

Қабул давомида фермерларга ушбу кластер қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларининг намунаси эканлиги, эндиликда фермерлар кластер билан ҳамкорликда фаолият юритишлари мумкинлиги тушунтирилган.

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.