Техник таъмирлаш ва такомиллаштириш ишлари олиб борилаётганлиги муносабати билан сайт вақтинча тест режимида ишламоқда!
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг Регламенти

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг

2020 йил 13 январдаги 1-сессиясининг

№ 1/VI-1-сонли қарорига 1-илова

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг

Регламенти

I боб. Умумий қоидалар

1-модда. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан, шунингдек шаҳарлар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органларидир.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда халқ депутатлари Кенгашининг регламентига мувофиқ амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек ўз регламентларига мувофиқ амалга оширади.

2-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг (бундан буён матнда халқ депутатлари Кенгаши деб юритилади) фаолияти масалаларни жамоа бўлиб ва эркин муҳокама қилишга, ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади.

3-модда. Халқ депутатлари Кенгаши ўз фаолиятининг асосий йўналишларини халқ депутатлари Кенгашининг сессиясида (бундан буён матнда сессия деб юритилади) тасдиқланган жорий, йиллик ёки халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари муддатига мўлжалланган иш режаси асосида белгилаб олади. Халқ депутатлари Кенгаши фаолиятининг асосий йўналишларини ўз ичига оладиган халқ депутатлари Кенгашининг иш режаси асосида халқ депутатлари Кенгаши доимий комиссияларининг иш режалари тузилади.

Халқ депутатлари Кенгашининг иш режаси халқ депутатлари Кенгаши депутатлари (бундан буён матнда Кенгаш депутатлари деб юритилади), халқ депутатлари Кенгашининг доимий комиссиялари (бундан буён матнда доимий комиссиялар деб юритилади), ҳокимликнинг бўлим ва бошқармалари, тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари таклифлари, шунингдек ҳудудий вакиллик органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Халқ депутатлари Кенгашининг иш режаси сессияда қабул қилинади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Халқ депутатлари Кенгаши иш режасининг бажарилиши унинг сессияларида, сессиялар оралиғида эса унинг доимий комиссиялари мажлисларида муҳокама қилинади.

Халқ депутатлари Кенгашининг иш режасига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари, доимий комиссиялар ва Кенгаш депутатларининг таклифига биноан сессияда кўриб чиқилади. Ушбу масала юзасидан қарор халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда қабул қилинади.

Халқ депутатлари Кенгашининг иш режаси бажарилишини ташкил этиш, шунингдек доимий комиссияларнинг иш режалари доимий комиссиялар томонидан ўз вақтида ижро қилиниши учун ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари масъул ҳисобланади.

4-модда. Ҳоким – халқ депутатлари Кенгаши раҳбари (раиси) халқ депутатлари Кенгашининг ишини ташкил этади, халқ депутатлари Кенгашига кўриб чиқиш учун киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади, унинг сессияларида раислик қилади.

Ҳоким ўз фаолияти тўғрисида халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисоб беради.

Халқ депутатлари Кенгашининг ваколат муддати – беш йил.

5-модда. Халқ депутатлари Кенгаши тегишли ҳудуд учун умумий бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифаларининг амалга оширилишини, жойларда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, юқори турувчи халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг қарорлари ижро этилишини, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқани, аҳолини тегишли ҳудудни бошқаришга жалб этишни таъминлайди.

Халқ депутатлари Кенгаши тегишли ҳудудда ўзини ўзи бошқаришнинг ривожланишига кўмаклашади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини йўналтириб туради.

6-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг асосий ваколатларига:

ҳокимнинг тақдимига биноан ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш;

вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларини, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларини тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш;

вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;

маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;

ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларини, шунингдек ҳокимларнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини тинглаш;

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ҳолларда ҳоким қарорларини тасдиқлаш;

халқ депутатлари Кенгашининг Иш тартибини, халқ депутатлари Кенгаши доимий ва бошқа комиссиялари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссияларини, бошқа органларини тузиш, сайлаш ва тугатиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, улар ишига доир ҳисоботларни тинглаш;

қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатларининг ваколатларини эътироф этиш ва муддатидан олдин тўхтатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;

ижроия ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш;

халқ депутатларининг сўровларини қараб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

ҳокимнинг ва қуйи Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш;

ҳокимнинг тақдимига биноан ҳокимлик таркибий тузилишини, унинг ходимлари штатлари ва иш ҳақи фондини тасдиқлаш киради.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга, атроф муҳитни муҳофаза қилишга доир ўз ваколатларига берилган масалаларни, ташкилий масалалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ назорат этишга доир бошқа масалаларни ҳал этади.

Халқ депутатлари Кенгашлари фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ташкилий масалалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат қилиш соҳасидаги ўз ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам ҳал қиладилар.

7-модда. Халқ депутатлари Кенгаши берилган ваколатлари доирасида умум манфаатини ифодаловчи тадбирларни ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг, Ўзбекистон Республикасининг бошқа вилоятлари, туманлари ва шаҳарларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан шартномавий муносабатлар ўрнатишга ҳақлидир.

8-модда. Халқ депутатлари Кенгаши ўз фаолиятини сессиялар, доимий ва муваққат комиссиялар, халқ депутатлари Кенгашининг бошқа органлари орқали, шунингдек Кенгаш депутатларининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда ўз ваколатларини рўёбга чиқариш йўли билан амалга оширади.

II боб. Сессия чақириш ва ўтказиш

9-модда. «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ халқ депутатлари Кенгашининг асосий иш шакли сессиядир.

Сессия Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан халқ депутатлари Кенгаши ваколатига киритилган ҳар қандай масалани кўриб чиқишга ҳақли.

10-модда. Сессиялар ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари, у йўқлигида эса унинг ўринбосарларидан бири томонидан заруратга қараб, бироқ йилига камида икки марта чақирилади.

Сессиялар халқ депутатлари Кенгаши депутатларининг камида учдан икки қисми ташаббуси билан чақирилиши мумкин.

11-модда. Сессиянинг кун тартиби ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари, партиялар ва депутатлар гуруҳлари, доимий комиссиялар ва Кенгаш депутатлари томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда тайёрланади.

Сессия муҳокамасига киритилаётган энг муҳим ва долзарб аҳамиятга эга масалаларни тайёрлаш учун ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари томонидан тегишли тармоқлар мутахассислари ҳамда олимларни жалб этган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этилиши мумкин. Ишчи гуруҳ масалани тайёрлаш вақтида сайловчилар, ҳокимликнинг бўлимлари, бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмалари, шунингдек тегишли ҳудуддаги корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олади.

Сессия муҳокамасига киритилаётган масалалар дастлабки тарзда тегишли доимий комиссиялар томонидан кўриб чиқилади, улар томонидан тайёрланган қарор лойиҳалари ва кун тартиби бўйича бошқа ҳужжатлар ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбарига берилади.

Сессияда кўриб чиқилиши керак бўлган масалалар сессия кун тартиби лойиҳасига уларни кўриб чиқиш навбати, ҳар бир масалани кўриб чиқиш учун тайёрлашга масъул бўлган доимий комиссиялар, маърузачилар (қўшимча маърузачилар), шунингдек бошқа маълумотлар киритилган ҳолда тузилади.

Сессия кун тартиби халқ депутатлари Кенгашининг қарори билан тасдиқланади.

12-модда. Сессияни, шу жумладан навбатдан ташқари сессияни чақириш ҳақидаги қарор ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари томонидан қабул қилинади.

Сессия ўтказиладиган вақт, сана ва жой ҳамда кун тартиби Кенгаш депутатлари эътиборига сессия очилишидан камида етти кун олдин етказилади. Кенгаш депутатларига танишиб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар ҳам юборилади.

Сессияни чақириш тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши мумкин.

Сессиялар очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади.

Зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши ёпиқ сессия ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бундай қарор, агар бу ҳақдаги таклиф ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари, доимий комиссиялар, партиялар ёки депутатлар гуруҳлари томонидан киритилган бўлса, қабул қилиниши мумкин. Ёпиқ сессия ўтказиш тўғрисидаги қарор Кенгаш депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисмининг овози билан қабул қилинади.

13-модда. Агар сессияда Кенгаш депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, у ваколатли ҳисобланади.

Кенгаш депутатларини рўйхатга олиш сессия очилишидан олдин ва унинг ишидаги ҳар бир танаффусдан кейин амалга оширилади.

Агар сессияларни ўтказишга мўлжалланган бинода электрон овоз бериш тизимидан фойдаланиш кўзда тутилган бўлса, ҳар бир Кенгаш депутати учун доимий ўрин ажратилади.

14-модда. Сессиялар иши давлат тилида олиб борилади ва зарурат бўлганда халқ депутатлари Кенгашининг қарори асосида бошқа тилларга синхрон таржима таъминланади.

15-модда. Сессияларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, шунингдек тегишли ҳудуддаги давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситаларининг таклиф этилган вакиллари ҳамда бошқа шахслар ҳозир бўлиши мумкин.

Сессияга таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланган тартибга риоя қилишлари ва раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунишлари шарт.

Сессияга таклиф қилинадиган шахсларнинг сони ва таркиби ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари томонидан ҳал этилади.

Сессияда раислик қилувчи сессияга таклиф этилган шахслар таркиби ва сони тўғрисида Кенгаш депутатларига ахборот беради.

Сессияга таклиф қилинган шахслар учун мажлислар залида махсус жойлар ажратилади.

16-модда. Янги сайланган халқ депутатлари Кенгашининг биринчи сессияси ҳоким томонидан сайловдан кейин кечи билан уч ҳафта муддат ичида чақирилади.

Биринчи сессия Кенгаш кекса депутатларидан бири томонидан очилади, у халқ депутатлари Кенгаши томонидан халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари тасдиқлангунга қадар сессияни бошқаради.

Сессияларда ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари, у йўқлигида эса халқ депутатлари Кенгашининг қарорига ёки ҳоким топшириғига биноан мазкур халқ депутатлари Кенгашининг депутатларидан бири раислик қилади.

17-модда. Кенгаш депутатларининг ваколатларини тасдиқлаш тўғрисидаги вилоят сайлов комиссиясининг қарори янги сайланган халқ депутатлари Кенгашининг биринчи сессиясида сайловни ўтказган сайлов комиссиясининг тақдимига мувофиқ қабул қилинади.

Бўшаб қолган депутатлик ўрнига сайлов ўтказилганида Кенгаш депутатининг ваколатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор ҳам сессияда сайлов комиссиясининг тақдимига мувофиқ қабул қилинади.

18-модда. Сессия ўз ишини кун тартибини тасдиқлашдан бошлайди.

Сессия кун тартибидаги масалалар раислик қилувчи томонидан бандма-банд ёки бутунлай овозга қўйилиши мумкин.

Сессиянинг кун тартиби бўйича таклиф ва мулоҳазалар Кенгаш депутатлари томонидан оғзаки ёки ёзма шаклда берилади ва сессияда раислик қилувчи томонидан уларнинг келиб тушиш тартиби бўйича эълон қилинади.

Сессия кун тартиби бўйича қарор Кенгаш депутатлари билдирган таклифларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.

19-модда. Ҳар бир сессияни ўтказиш вақтида Кенгаш депутатлари орасидан сессия котиби сайланади ёки сессия котибияти тузилади.

Сессия котиби ёки котибияти:

сўзга чиқувчиларнинг рўйхатини олиб боради;

депутат сўровларини, Кенгаш депутатларидан тушадиган саволлар, маълумотномалар, хабарлар, аризалар, таклифлар ва бошқа материалларни рўйхатга олади;

сўзга чиқиш учун ёзилганларнинг рўйхати ва тушган материаллар ҳақида раислик қилувчига ахборот беради;

сессия ишига тааллуқли масалалар юзасидан Кенгаш депутатларига тушунтиришлар беради;

сессия якунлари юзасидан ахборот тайёрлайди;

баённома ёки стенограмма юритилишини ташкил этади.

Сессияда сессия котиби ёки котибияти томонидан тайёрланган ахборот тингланади.

20-модда. Сессияда баённома ёки зарур ҳолларда стенограмма юритилади. Сессия баённомаси раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади.

Сессия баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

халқ депутатлари Кенгашининг номи, сессиянинг тартиб рақами (чақириқ доирасида);

сессияни ўтказиш вақти, санаси ва жойи ҳамда сессия кун тартиби;

ҳозир бўлган ва қатнашмаётган Кенгаш депутатлари сони, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг сони;

сессиянинг кун тартиби, сессия муҳокамасига киритилган ҳар бир масала юзасидан ҳар бир маърузачи ва қўшимча маърузачининг фамилияси ҳамда лавозими;

музокараларда сўзга чиққан, шунингдек маърузачилар ва қўшимча маърузачиларга сўровлар йўллаган ёки саволлар берган (ёзма ёки оғзаки шаклда) Кенгаш депутатларининг фамилиялари, сайлов округларининг рақами ва лавозимлари;

қабул қилинган, «ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб берилган овозлар сони кўрсатилган қарорлар рўйхати.

Баённомада сессия кун тартибига қўйилган масалаларнинг моҳияти очиб берилади, сессия давомида сўзланган нутқларнинг моҳияти қисқача баён этилади, шунингдек сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан овоз бериш якунлари қайд этилади.

Сессиянинг баённомасига Кенгаш депутатлари ва таклиф этилган шахсларнинг сессиядаги маърузалари матнлари, сессияда ҳозир бўлган ва қатнашмаётган Кенгаш депутатлари рўйхати, таклиф этилган шахслар рўйхати ва бошқа материаллар илова қилинади.

Сессия баённомаси ёки стенограммаси сессия тугаганидан сўнг уч кундан кечиктирмай тайёрланади ва сессия вақтида раислик қилган шахс ҳамда котиб томонидан имзоланади.

Сессия баённомаси ва стенограммасининг асл нусхаси ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳида сақланади.

Сессия баённомаси ёки стенограммаси Кенгаш депутатларининг талабига биноан танишиб чиқиш учун уларга берилиши мумкин.

Ёпиқ сессия баённомаси ва стенограммаси ҳокимликнинг тегишли бўлимида «махфий ҳужжат» белгиси билан сақланади.

Ёпиқ сессия баённомаси ва стенограммаси унга умумлаштирилган материаллар билан Кенгаш депутатларини таништириш бевосита ҳокимият аппаратида тилхат олиниб амалга оширилади.

21-модда. Сессияда раислик қилувчи:

сессия ишининг умумий боришига раҳбарлик қилади, халқ депутатлари Кенгашининг регламентига риоя этилишини таъминлайди;

маърузачилар, қўшимча маърузачиларга ва музокараларда сўзга чиқувчиларга навбати билан сўз беради;

зарур ҳолларда сабабини тушунтириб, сўзга чиқиш тартибини ўзгартиради;

муҳокама қилинаётган масала юзасидан хоҳлаган пайтда сўзга чиқиши мумкин;

халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланган тартибни қўпол равишда бузган Кенгаш депутати ёки иштирокчини тартибга чақиради;

Кенгаш депутатларининг ёзма сўровлари, аризалари, таклифлари, фикр-мулоҳазаларини ўқиб эшиттиради;

Кенгаш депутатига депутат сўрови, савол, таклиф, фикр-мулоҳаза юзасидан сўзга чиқиш, шунингдек сессияни олиб бориш тартиби бўйича эътирозлар билдириш учун, қарор лойиҳаларига тузатиш, овоз бериш масаласи бўйича таклифлар киритиш учун унинг илтимосига кўра сўз беради;

муҳокама тугаганидан кейин қарорлар лойиҳаларини овозга қўяди ва овоз бериш натижаларини эълон қилади;

сессияда қабул қилинган қарорларни ва сессия баённомаларини имзолайди;

муҳокама жараёнида сўзга чиққан Кенгаш депутатлари ёки бошқа иштирокчилар фикрини бирон-бир тарзда баҳолаш ёхуд шарҳлашдан, шунингдек қарор қабул қилишда тазйиқ ўтказишдан ўзини тийиши лозим.

Сессияда раислик қилувчи:

халқ депутатлари Кенгашининг регламенти талаблари қўпол равишда бузилган тақдирда Кенгаш депутатини огоҳлантиришга, такроран бузишга йўл қўйилганида эса, уни бутун сессия куни давомида сўздан маҳрум қилишга;

сессия ишига халақит бераётган таклиф қилинган шахсларни сессия залидан чиқариб юборишга ҳақли.

22-модда. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ва энг муҳим муаммоларни муҳокама этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари (комиссиялари) ва халқ депутатлари Кенгашининг қўшма мажлислари ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси (комиссияси) ва халқ депутатлари Кенгашининг қўшма мажлиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитасининг (комиссиясининг) раиси ва ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ўртасида келишув бўйича ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси (комиссияси) ва халқ депутатлари Кенгашининг қўшма мажлиси кун тартибидаги масалалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси (комиссияси) томонидан халқ депутатлари Кенгашининг тегишли доимий комиссияси билан ҳамкорликда тайёрланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси (комиссияси) ва халқ депутатлари Кенгашининг қўшма мажлисини чақириш, уни ўтказиш вақти, санаси ва жойи ҳамда бошқа масалалар халқ депутатлари Кенгашининг регламентига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитасининг (комиссиясининг) раиси ва ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ўртасида келишув бўйича ҳал этилади.

III боб. Сессияда масалаларни кўриб чиқиш тартиби

23-модда. Халқ депутатлари Кенгаши ўз сессияларида ваколатлари доирасида қонунийлик ва ҳуқуқий-тартиботни, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, тегишли ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ҳамда уни ижро этиш, маҳаллий солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорларини белгилаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади ҳамда тегишли қарорларни қабул қилади.

24-модда. Сессия муҳокамасига киритилган кун тартибидаги ҳар бир масала, жумладан маҳаллий бюджет тўғрисидаги ва унинг ижроси ҳақидаги ҳисобот, ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ва унинг ўринбосарлари, ҳокимлик бўлимлари, бошқармалари ва бошқа бўлинмалари фаолияти ҳақидаги ҳисоботлар тингланади ҳамда эркин муҳокама қилинади.

Муҳокама жараёни мазкур масала юзасидан ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари, унинг ўринбосарлари, доимий комиссиялар раисларининг маърузалари ва қўшимча маърузаларини ёки Кенгаш депутатларининг маърузалари ва қўшимча маърузаларини тинглаш, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг фикр билдириши шаклида амалга оширилади.

Айрим ҳолларда муҳокама этилаётган масаланинг мазмунини ҳисобга олган ҳолда, сессия мазкур масаланинг мазмунига доир қисқача ахборотни тинглаб ёки доимий комиссиялар раислари ёхуд Кенгаш депутатларининг тушунтиришлари билан чекланиб, уни муҳокама этмасдан қарор қабул қилиши мумкин.

25-модда. Сессияда раислик қилувчи томонидан маърузачилар ва қўшимча маърузачилар билан келишувга кўра, қоида тариқасида, маъруза учун – 30 дақиқагача, қўшимча маъруза учун – 20 дақиқагача ва якунловчи сўз учун 15 дақиқагача вақт белгиланади.

Музокараларда сўзга чиқувчи Кенгаш депутатларига 10 дақиқагача вақт берилади. Музокараларда такроран сўзга чиқиш учун, шунингдек сессия ишини олиб бориш тартиби, овоз бериш асослари, номзодлар бўйича сўзга чиқиш учун, аризалар, саволлар, таклифлар, хабарлар, маълумотлар учун 3 дақиқагача вақт берилади.

Сессияда ҳозир бўлган Кенгаш депутатлари кўпчилигининг розилиги билан раислик қилувчи сессия кун тартибига киритилган масалани муҳокама қилишнинг умумий вақтини, саволлар ва жавоблар учун ажратиладиган вақтни белгилаб қўйиши, сўзлаш вақтини узайтириши мумкин.

Сессияларда Кенгаш депутати айни бир масала бўйича музокараларда кўпи билан икки марта сўзга чиқиши мумкин.

Музокараларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин маърузачи ва қўшимча маърузачи якунловчи сўзни айтиш ҳуқуқига эга.

Агар сўзга чиқувчи ажратилган вақтдан ортиқ сўзласа ёки муҳокама этилаётган масала юзасидан фикр билдирмаётган бўлса, сессияда раислик қилувчи уни аввал огоҳлантириб, кейин сўздан маҳрум қилади.

IV боб. Сессияда қарорлар қабул қилиш ва уларни эълон қилиш тартиби

26-модда. Сессияда қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорига асосан яширин овоз бериш ўтказилиши мумкин.

Электрон овоз бериш тизимлари ўрнатилган залларда очиқ ёки яширин овоз бериш электрон овоз бериш тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.

27-модда. Кенгаш депутати ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.

Ҳар бир Кенгаш депутати бир овозга эга бўлади ва муҳокама қилинаётган масала юзасидан «ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб овоз беради.

Овоз бериш вақтида ҳозир бўлмаган Кенгаш депутати кейинчалик овоз беришга ҳақли эмас.

Очиқ овоз бериш овозлар мутлақ кўпчиликни ташкил этган тақдирда овозларни санамасдан, агар фақат Кенгаш депутатларидан ҳеч бири бошқача тартибни таклиф этмаса ёки овозларни қайта санаб чиқишни талаб қилмаса, ўтказилиши мумкин.

28-модда. Сессияларда яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини ҳисоблаш учун Кенгаш депутатлари орасидан саноқ комиссияси сайланади.

Саноқ комиссияси ўз таркибидан комиссия раиси ва котибини сайлайди. Саноқ комиссиясининг қарорлари комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

29-модда. Сессияда яширин овоз беришни бюллетенлардан фойдаланган ҳолда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, овоз бериш учун зарур ахборотга эга бўлган яширин овоз бериш бюллетенлари саноқ комиссияси назорати остида тайёрланади.

Яширин овоз бериш ўтказиладиган вақти ва жойи, уни ўтказиш тартиби саноқ комиссияси томонидан белгиланади.

30-модда. Яширин овоз бериш бюллетенлар ёрдамида ўтказилганида саноқ комиссияси ҳар бир Кенгаш депутатига биттадан бюллетень беради.

Бюллетенни тўлдириш Кенгаш депутати томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бюллетендаги ўзи ёқлаб овоз бераётган номзод фамилиясининг қаршисида ўнг томонда жойлашган бўш катакка «+» ёки «ü» ёхуд «х» қўйиш, қарор лойиҳасига оид бюллетенда эса, агар у тегишли қарорни ёқлаб овоз бераётган бўлса, «қаршиман» деган сўзни ўчириш, таклиф этилаётган қарорга (қарор вариантига) қарши овоз бераётган бўлса, ёхуд «ёқлайман» деган сўзни ўчириш орқали амалга оширилади.

Белгиланмаган шаклдаги бюллетенлар, шунингдек Кенгаш депутатларининг хоҳиш-иродасини аниқлашга имкон бермаган бюллетенлар Кенгаш депутатларининг овозларини ҳисоблаб чиқиш вақтида ҳақиқий эмас деб топилади. Бюллетенга киритилган қўшимчалар овозларни ҳисоблаб чиқиш вақтида эътиборга олинмайди.

31-модда. Агар сессияда электрон овоз бериш тизими ёрдамида яширин овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, саноқ комиссияси овоз бериш бошланишидан олдин электрон тизимнинг созлигини текшириши ҳамда яширин овоз бериш учун Кенгаш депутатлари умумий сони бўйича карточкаларнинг тўлиқ комплектини рўйхатга олиши керак.

32-модда. Очиқ ёки яширин овоз бериш натижалари тўғрисида саноқ комиссияси баённома тузади, у комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади.

Саноқ комиссиясининг маърузасига асосан халқ депутатлари Кенгаши яширин овоз бериш натижаларини тасдиқлаш тўғрисида очиқ овоз бериш йўли билан қарор қабул қилади.

33-модда. Сессияда қабул қилинган қарорлар раислик қилувчи томонидан имзоланган вақтдан эътиборан, агар ҳужжатнинг ўзида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кучга киради.

Халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар тегишли ҳудудда жойлашган барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

Халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари унинг доимий комиссияларига, ҳокимликнинг бўлимлари, бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмалари, тегишли давлат органларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахсларга ва қуйи турувчи ҳокимликларга тарқатилади.

Тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича сессияда қабул қилинган қарорлар ва бошқа муҳим қарорлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

V боб. Вилоят ҳокими  халқ депутатлари Кенгашининг раҳбарини тасдиқлаш тартиби

34-модда. Вилоят ҳокими – халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг халқ депутатлари вилоят Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

35-модда. Вилоят ҳокими – халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани тегишли халқ депутатлари Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдимнома киритилган кундан эътиборан уч кун ичида кўриб чиқади.

36-модда. Вилоят ҳокими – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари лавозимига номзодга Кенгаш депутатларининг саволларига жавоб бериш учун 30 дақиқагача вақт ажратилади. Номзодни сессияда муҳокама қилиш учун 20 дақиқагача вақт ажратилади.

37-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг вилоят ҳокими – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари номзодини тасдиқлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилиниб, кечи билан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

38-модда. Халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган вилоят ҳокими – халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

39-модда. Агар овоз бериш вақтида вилоят ҳокими –халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзоди халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти мазкур лавозимларга номзодларни партия гуруҳлари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг бир ой ичида яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

40-модда. Халқ депутатлари Кенгаши тақдим этилган вилоят ҳокими – халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вилоят ҳокими вазифасини бажарувчини тайинлаш, тегишли халқ депутатлари Кенгашини тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга. Бунда халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.

VI боб. Туман, шаҳар ҳокими – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбарини тасдиқлаш тартиби

41-модда. Туман, шаҳар ҳокими – халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодлари вилоят ҳокими томонидан халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

42-модда. Туман, шаҳар ҳокими – халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала тегишли халқ депутатлари Кенгаши вилоят ҳокими томонидан тақдимнома киритилган кундан эътиборан, қоида тариқасида, уч кун ичида кўриб чиқилади.

43-модда. Туман, шаҳар ҳокими – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари лавозимига номзодга депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун 20 дақиқагача вақт ажратилади. Номзодни сессияда муҳокама қилиш учун 10 дақиқагача вақт ажратилади.

44-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг туман, шаҳар ҳокими – халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилиниб, кечи билан уч кун ичида вилоят ҳокимига юборилади.

45-модда. Тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган туман, шаҳар ҳокими – халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

VII боб. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоларини сайлаш тартиби

46-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари (бундан буён матнда Сенат аъзолари деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг қўшма мажлисларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

47-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов якунлари эълон қилинганидан кейин уч кунлик муддатда Сенат аъзоларини сайлаш учун депутатларнинг қўшма мажлислари (бундан буён матнда қўшма мажлис деб юритилади) ўтказилишини эълон қилади.

Марказий сайлов комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шунингдек Тошкент шаҳрида қўшма мажлисларни ўтказиш вақти, санаси ва жойи кўрсатилган қарори оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

48-модда. Қўшма мажлис очилиши олдидан Кенгашлар депутатлари рўйхатдан ўтказилади.

Агар қўшма мажлисда, Кенгашлар депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, у ваколатли ҳисобланади.

Қўшма мажлис ишида Марказий сайлов комиссиясининг вакили иштирок этиши шарт.

49-модда. Қўшма мажлисни Марказий сайлов комиссиясининг вакили очади. У мажлисда раислик қилувчининг номзоди бўйича таклиф киритади, бу номзод энг обрўли, катта тажрибага эга, ёши улуғ Кенгашлар депутатлари орасидан танлаб олинади.

Қўшма мажлис иштирокчилари мажлиснинг кун тартибини ва иш регламентини тасдиқлайдилар.

Қўшма мажлис кун тартибига Сенат аъзоларини сайлаш тўғрисидаги масала киритилади.

50-модда. Қўшма мажлис ишини таъминлаш ва олиб бориш учун очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан уч кишидан беш кишигача бўлган ишчи ҳайъат тузилади. Турли Кенгашлар депутатлари орасидан ҳайъат аъзолигига номзодлар раислик қилувчи томонидан таклиф этилади.

51-модда. Кенгаш депутатлари ваколатларини текшириш, тушган таклифларни ҳисобга олиш ва қўшма мажлис томонидан қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштириш учун уч кишидан иборат котибият тузилади.

52-модда. Қўшма мажлисда раислик қилувчи тақдимига мувофиқ очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича Маслаҳат кенгаши (бундан буён матнда Маслаҳат кенгаши деб юритилади) сайланади.

Маслаҳат кенгаши депутатлик фаолиятида катта тажрибага эга бўлган энг обрўли, ёши улуғ Кенгашларнинг депутатларидан, қоида тариқасида, ҳар бир халқ депутатлари Кенгашидан бир нафар вакилдан сайланади.

53-модда. Маслаҳат кенгаши энг обрўли, ўз сайловчилари томонидан кенг қўллаб-қувватланаётган, давлат ва жамият фаолиятининг турли соҳаларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган Кенгашлар депутатлари орасидан Сенат аъзолигига номзодларни кўриб чиқади.

Яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун Сенат аъзолигига олти нафар номзод бўйича Маслаҳат кенгашининг таклифи Маслаҳат кенгашининг раиси томонидан ўқиб эшиттирилади. Яширин овоз бериш бюллетенига олти нафардан кам бўлмаган Сенат аъзолигига номзод киритилади.

54-модда. Сайлов кунига қадар йигирма беш ёшга тўлган ва камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг депутати Сенат аъзолигига номзод бўлиши мумкин.

55-модда. Қўшма мажлисда Сенат аъзолигига ҳар бир номзод бўйича алоҳида муҳокама ўтказилади.

Қўшма мажлисда иштирок этаётган ҳар бир Кенгаш депутати Сенат аъзолигига номзодга саволлар бериш, номзод хусусида ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга.

Сенат аъзолигига ҳар бир номзод бўйича алоҳида муҳокамадан кейин уни яширин овоз бериш бюллетенига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Таклиф этилган у ёки бу номзодлар рад этилган тақдирда, муҳокама этиш ва яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун бошқа номзодни фақат Маслаҳат кенгаши кўрсатиши мумкин.

Сенат аъзолигига номзодларни муҳокама қилиш қўшма мажлис қарорига биноан тугалланади.

Депутатларнинг қўшма мажлисида иштирок этаётган Кенгашлар депутатларининг кўпчилик овозини олган Сенат аъзолигига номзод яширин овоз бериш бюллетенига киритилган ҳисобланади.

56-модда. Яширин овоз бериш учун бюллетеннинг намунаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.

Яширин овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби ҳақида тушунтириш берилган бўлиши лозим. Бюллетеннинг олд томонида ўнг юқори бурчакда муҳр ва камида икки нафар саноқ комиссияси аъзосининг имзоси бўлиши керак.

57-модда. Яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун қўшма мажлисда иштирок этаётган Кенгашлар депутатлари орасидан тўққиз нафаргача аъзодан, шу жумладан, комиссия раиси ва котибидан иборат таркибда саноқ комиссияси сайланади.

Саноқ комиссиясининг таркибига Сенат аъзолигига номзод сайланиши мумкин эмас.

Саноқ комиссияси:

Сенат аъзоларини сайлаш бўйича овоз беришни ташкил қилади ва ўтказади;

қўшма мажлис иштирокчиларига яширин овоз беришни ўтказиш вақти, жойи ва тартибини эълон қилади;

яширин овоз бериш бюллетенларини уларга Сенат аъзолигига ҳар бир номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исмини алифбо тартибида киритиш йўли билан, туғилган санаси, лавозими (машғулотининг тури) ва иш жойини кўрсатган ҳолда тайёрлайди;

овоз берувчиларнинг рўйхатини аниқлайди, уларга яширин овоз бериш бюллетенларини беради;

яширин овоз бериш бюллетенларининг олд томонига муҳр қўяди ва яширин овоз бериш бюллетенида саноқ комиссияси аъзоларининг имзолари бўлишини таъминлайди;

овозларни санаб чиқади ва яширин овоз бериш натижалари тўғрисида баённома тузади;

яширин овоз бериш натижаларини қўшма мажлис тасдиғига киритади.

58-модда. Яширин овоз бериш бошланишидан олдин саноқ комиссиясининг раиси яширин овоз беришни ўтказиш тартибини эълон қилади, комиссия аъзолари ҳозирлигида сайлов қутисини текширади ва муҳрлайди.

Сайлов қутиси унинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасидан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади.

Қўшма мажлисда иштирок этаётган Кенгаш депутати саноқ комиссияси аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчилар рўйхатига имзо чекади, шундан кейин унга яширин овоз бериш бюллетени берилади.

Яширин овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида ўзи ёқлаб овоз бераётган Сенат аъзолигига номзодларнинг фамилиялари қаршисида ўнг томонда жойлашган бўш катакка «+» ёки «ü» ёхуд «х» қўйиш йўли билан тўлдирилади.

Овоз берувчи тўлдирилган яширин овоз бериш бюллетенини кўринарли жойда туриши лозим бўлган сайлов қутисига ташлайди.

Бузиб қўйилган яширин овоз бериш бюллетени овоз берувчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин.

Яширин овоз бериш жараёни тугаллангандан кейин, фойдаланилмаган, шунингдек бузиб қўйилган яширин овоз бериш бюллетенлари уларга махсус штамп қўйиш йўли билан бекор қилинади, шундан сўнг улар муҳрланади ва алоҳида сақланади.

59-модда. Овозларни санаб чиқиш саноқ комиссияси аъзолари томонидан яширин овоз бериш натижалари аниқлангунга қадар танаффуссиз амалга оширилади.

Сайлов қутисидаги яширин овоз бериш бюллетенларига асосан саноқ комиссияси овоз беришда иштирок этган Кенгашлар депутатларининг умумий сонини, Сенат аъзолигига ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини, ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сонини аниқлайди.

Овоз берувчилар томонидан сайлов бюллетенига қўшимча ёзиб қўйилган фуқароларнинг фамилиялари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

Белгиланмаган намунадаги яширин овоз бериш бюллетенлари, овоз бериш вақтида битта ҳам катакка «+» ёки «ü» ёхуд «х» қўйилмаган бюллетенлар, шунингдек олд томонида муҳр ва саноқ комиссияси аъзоларининг имзолари бўлмаган бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилади.

Овоз бериш натижаларига кўра овоз беришда қатнашган Кенгашлар депутатлари овозининг эллик фоизидан ортиғини олган Сенат аъзолигига номзодлар сайланган деб ҳисобланади.

Яширин овоз бериш натижалари бўйича баённома тузилиб, у саноқ комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади. Баённоманинг қаламда тўлдирилишига ва унга ҳеч қандай тузатишлар киритилишига йўл қўйилмайди.

Саноқ комиссияси раисининг маърузаси бўйича қўшма мажлисда яширин овоз бериш натижаларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиниб, у қўшма мажлиснинг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомасида акс эттирилади.

Қўшма мажлиснинг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомаси икки нусхада тузилиб, раислик қилувчи томонидан имзоланади.

Баённоманинг қаламда тўлдирилишига ва унга бирорта тузатиш киритилишига йўл қўйилмайди.

Агар овоз беришда яширин овоз бериш бюллетенига киритилган номзодлардан кимдир сайланмаган бўлса, бўш қолган ўринларга Сенат аъзоларини қўшимча сайлаш учун янги сайлов тайинланади.

Сенат аъзоларини қўшимча сайлаш бўйича қўшма мажлис асосий сайлов ўтказилганидан сўнг икки кун ичида ўтказилади. Қўшма мажлиснинг ўтказилиш вақти, санаси ва жойи қўшма мажлис қарори билан белгиланади.

60-модда. Сайланган Сенат аъзоларини рўйхатдан ўтказиш учун қўшма мажлиснинг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомаси икки кунлик муддатдан кечиктирмай Марказий сайлов комиссиясига топширилади.

Қўшма мажлиснинг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомасининг иккинчи нусхаси ва Сенат аъзолари сайловини ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари архивларида сақланади.

VII1 боб. Ҳокимнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий

ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитиш тартиби

601-модда. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи (бундан буён матнда ҳоким ҳисоботи деб юритилади) ҳар йили тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида эшитилади. Мазкур мажлис вилоятларда ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туманлар ва шаҳарларда эса вилоятларда тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказилади.

Сессияни ўтказиш, масалаларни кўриб чиқиш ва қарорларни қабул қилиш тартиби ушбу бобнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ушбу Намунавий регламентнинг II–IV-боблари талабларига мувофиқ амалга оширилади.

602-модда. Ҳокимнинг ҳисоботини эшитиш юзасидан сессияларни чақириш тўғрисидаги қарор ҳоким ўринбосарларидан бири томонидан қабул қилинади.

603-модда. Ҳокимлик аппаратининг тегишли таркибий бўлинмаси ҳокимнинг ҳисоботига доир материалларни ҳоким ҳисоботини эшитишга ўн кун қолгунга қадар халқ депутатлари Кенгашининг ҳисоботда баён қилинган масалалар ваколат доирасига киритилган доимий комиссиясига (бундан буён матнда масъул доимий комиссия деб юритилади) тақдим этади.

604-модда. Ҳисоботда ҳоким ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан:

ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ўсишини, унинг тармоқлари ривожланишини таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш;

қонун ҳужжатларини, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларни бажариш;

ижтимоий соҳани ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, уй-жойлар қуриш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш сифатини яхшилаш, тегишли вилоят, туман ва шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ривожланишига оид бошқа масалаларни ҳал қилиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.

605-модда. Ҳоким ҳисоботи бўйича халқ депутатлари Кенгаши қарори лойиҳаси юзасидан нуқтаи назарни шакллантириш ва таклифлар олиш мақсадида ҳокимнинг ҳисоботига доир материаллар олинган куни масъул доимий комиссия томонидан халқ депутатлари Кенгашидаги партия гуруҳларининг вакилларига ва халқ депутатлари Кенгаши депутатларига юборилади.

606-модда. Ҳоким ҳисоботини эшитиш тўғрисидаги масалани тайёрлаш ва сессия муҳокамасига киритиш масъул доимий комиссия томонидан амалга оширилади. Зарурат бўлганда масъул доимий комиссия ҳоким ҳисоботини эшитиш тўғрисидаги масалани атрофлича тайёрлаш учун бошқа доимий комиссияларни ҳам жалб этиши мумкин.

607-модда. Ҳоким ҳисоботи бўйича материалларни умумлаштириш учун масъул доимий комиссия томонидан тегишли соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этилади.

Ҳоким ҳисоботига доир материалларни умумлаштириш натижалари бўйича масъул доимий комиссия томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши партия гуруҳларининг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда доимий комиссия хулосаси ва халқ депутатлари Кенгаши қарори лойиҳаси тайёрланади.

608-модда. Ҳокимнинг ҳисоботини эшитишда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг рақобатлашаётган партия гуруҳлари раҳбарларидан бири сессияга раислик қилади.

609-модда. Ҳокимнинг ҳисоботини эшитиш учун маърузачи билан келишилган ҳолда камида 30 дақиқа берилади.

Ҳокимнинг ҳисоботи бўйича масъул доимий комиссия хулосасининг мазмунини ва халқ депутатлари Кенгаши қарори лойиҳасининг асосий қоидаларини баён этиш мақсадида масъул доимий комиссиянинг раисига 15 дақиқагача вақт берилади.

Партия гуруҳлари вакилларига ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатларига маърузачига савол бериши учун 3 дақиқагача ва ҳисобот бўйича музокаралар учун 10 дақиқагача вақт берилади.

6010-модда. Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, вилоят ва Тошкент шаҳар ижроия ҳокимияти органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.

Туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли сайлов округларидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, давлат бошқаруви органларининг вакиллари, вилоят ҳокими ёки унинг ўринбосарлари, туман ва шаҳар ижроия ҳокимияти органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.

6011-модда. Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

6012-модда. Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари бўйича, шунингдек доимий комиссия хулосаси ва партия гуруҳлари фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилинади. Қарорда тегишли ҳоким ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилади, уларнинг ишини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади.

6013-модда. Ҳокимнинг ҳисоботи бўйича қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш масъул доимий комиссиянинг зиммасига юклатилади.

6014-модда. Ҳокимнинг ҳисоботи бўйича халқ депутатлари Кенгашининг қарори ва ҳокимнинг ҳисоботи маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрларида ҳамда веб-сайтларида эълон қилиниши шарт.

6015-модда. Масъул доимий комиссия ҳокимнинг ҳисоботи бўйича халқ депутатлари Кенгашининг қарори ижро этилишини мониторинг қилади ва қарорда белгиланган муддатларда тегишли халқ депутатлари Кенгашини хабардор қилади.

VII2 БОБ. Сайлов комиссияларининг аъзолигига номзодларни танлаб олиш ва тақдим этиш

6016-модда. Йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссияси ўзининг мажлисида Марказий сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни дастлабки тарзда танлаб олади ва тақдим этади, материалларни кўриб чиқади ва улар бўйича хулосалар тайёрлайди, маъқуллаш ва халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади, шунингдек халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Марказий сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тақдим этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини ишлаб чиқади.

Марказий сайлов комиссияси таркибига кириш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида қарор қабул қилинган номзодлар алифбо тартибида овоз бериш учун рўйхатга киритилади халқ депутатлари вилоят Кенгашининг кўриб чиқиши учун киритилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида муҳокама ўтказилади ва муҳокамада депутатлар Марказий сайлов комиссияси аъзолигига кўрсатилган номзодга саволлар беришга ҳақли.

Муҳокама натижалари бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашининг номзодни Марказий сайлов комиссияси аъзолигига тавсия этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинади ҳамда кўриб чиқиш учун Олий Мажлисга юборилади.

Қарор халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

6017-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов бўйича округ сайлов комиссияларига номзодлар йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан танлаб олинади ва тақдим этилади.

Округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссиясининг мажлисида дастлабки тарзда муҳокама этилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиясининг мажлисида комиссия раисининг ташаббуси билан жалб қилинган округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар иштирок этишлари мумкин.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссияси материалларни кўриб чиқади, номзодлар бўйича хулосаларни ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини тайёрлайди. Дастлабки тарздаги муҳокама натижаларига кўра, ушбу масалани маъқуллаш ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш тўғрисидаги тегишли доимий комиссиянинг қарори қабул қилинади.

Округ сайлов комиссияси таркибига кириш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида қарор қабул қилинган номзодлар алифбо тартибида овоз бериш учун рўйхатга киритилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида муҳокама ўтказилади ва муҳокамада депутатлар округ сайлов комиссияси аъзолигига кўрсатилган номзодларга савол беришга ҳақли.

Муҳокама натижалари бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашининг номзодни округ сайлов комиссияси аъзолигига тавсия этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинади ҳамда тасдиқлаш учун Марказий сайлов комиссиясига юборилади.

Қарор халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

6018-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайловлар бўйича вилоят ва округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан танлаб олинади ҳамда тақдим этилади.

Вилоят ва округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссиянинг мажлисида дастлабки тарзда муҳокама этилади.

Доимий комиссия мажлисида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари комиссияси раисининг ташаббусига кўра жалб қилинган вилоят ва округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар иштирок этишлари мумкин.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг тегишли доимий комиссияси материалларни кўриб чиқади, номзодлар бўйича хулосалар ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг номзодларни вилоят ва округ сайлов комиссиялари аъзолигига тавсия этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини тайёрлайди. Дастлабки тарздаги муҳокама натижалари бўйича ушбу масалани маъқуллаш ва халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши навбатдаги сессиясининг кун тартибига киритиш тўғрисидаги доимий комиссиянинг қарори қабул қилинади.

Вилоят ва округ сайлов комиссиялари таркибига кириш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида қарор қабул қилинган номзодлар алифбо тартибида овоз бериш учун рўйхатга киритилади.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг сессиясида муҳокама ўтказилади ва муҳокамада депутатлар вилоят ва округ сайлов комиссиялари аъзолигига кўрсатилган номзодларга саволлар беришга ҳақли.

Муҳокама натижалари бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг номзодни вилоят сайлов комиссияси аъзолигига тавсия этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинади ҳамда тасдиқлаш учун халқ депутатлари вилоят Кенгашига юборилади.

Муҳокама натижалари бўйича қабул қилинган халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг номзодни округ сайлов комиссиялари аъзолигига тавсия этиш тўғрисидаги қарори эса, тасдиқлаш учун халқ депутатлари вилоят Кенгашларига ўтказиладиган сайловлар бўйича вилоят комиссиясига юборилади.

Қарорлар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

6019-модда. Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайловлар бўйича туман, шаҳар сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан танлаб олинади ҳамда тақдим этилади.

Туман, шаҳар сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан танланади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўриб чиқиш натижалари бўйича халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига тақдим этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссиялари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг туман ва шаҳар сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тўғрисидаги қарорини дастлабки тарзда кўриб чиқиб, уни халқ депутатлари тумун (шаҳар) Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритишни тавсия этади.

Тегишли доимий комиссиялар раисларининг ахбороти бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайловлар бўйича сайлов комиссияси аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

VIII боб. Доимий ва муваққат комиссиялар

61-модда. Халқ депутатлари Кенгаши сессияга киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш учун ўз ваколатлари муддатига жамоатчилик асосида фаолиятни амалга оширувчи доимий ва муваққат комиссиялар тузиши ҳамда улар таркибига ўзгартишлар киритиши мумкин.

Доимий ва муваққат комиссиялар раислигига ҳамда аъзолигига номзодлар сессияга ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари томонидан тақдим этилади.

Доимий комиссия раислигига номзод бўйича овоз бериш алоҳида ўтказилади.

Доимий ва муваққат комиссиялар аъзолари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари орасидан сайланади.

Доимий ва муваққат комиссиялар аъзолигига номзодларни сайлаш номзодларнинг ҳар бирини алоҳида ёки комиссиянинг бутун таркибни ялпи муҳокама қилиш йўли билан амалга оширилади, овоз беришда қарор ҳар бир номзод бўйича алоҳида ёки комиссия бутун таркиби бўйича Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

62-модда. Доимий комиссиялар сони ва таркиби сессияда белгиланади. Халқ депутатлари Кенгаши таркибида, қоида тариқасида, қуйидаги доимий комиссиялар тузилиши мумкин:

маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича;

қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича;

ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича;

саноат, транспорт, қурилиш, коммунал масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича;

аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича;

регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича.

Зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши томонидан янги доимий комиссиялар тузилиши ва илгари ташкил қилинган доимий комиссиялар тугатилиши, доимий комиссиялар таркибига ўзгартишлар киритилиши мумкин.

Доимий комиссиялар фаолияти халқ депутатлари Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган Халқ депутатлари Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.

63-модда. Доимий комиссиялар ўз мажлисларида раис ўринбосарлари ва котибларини сайлайди.

Халқ депутатлари Кенгашининг депутати фақат битта доимий комиссия аъзоси этиб сайланиши мумкин. Доимий комиссия таркибига кирмаган Кенгаш депутати унинг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.

Доимий комиссиялар халқ депутатлари Кенгаши олдида масъул ва унга ҳисобдордир.

64-модда. Доимий комиссиялар ўз фаолиятини халқ депутатлари Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган иш режалари асосида амалга оширади.

Доимий комиссиянинг сессиялар оралиғида ўтказиладиган мажлисларида иш режасига тегишли ўзгартишлар киритилиши мумкин, кейинчалик улар сессия тасдиғига киритилади.

65-модда. Доимий комиссиялар ўз фаолиятини мажлис шаклида амалга оширади.

Доимий комиссияларнинг мажлислари, қоида тариқасида, ойда камида бир марта ўтказилади.

Доимий комиссияларнинг қўшма мажлислари улар ўртасидаги келишувга мувофиқ ўтказилади.

66-модда. Халқ депутатлари Кенгаши аниқ вазифаларни бажариш учун Кенгаш депутатлари орасидан муваққат комиссия тузиши мумкин.

Муваққат комиссия тузиш тўғрисидаги қарор сессияда қабул қилинади.

Муваққат комиссия зиммасига юклатилган вазифаларни бажарганидан сўнг ўз фаолиятини тугатади.

Муваққат комиссиянинг вазифалари халқ депутатлари Кенгаши қарори билан белгиланади.

67-модда. Доимий ва муваққат комиссияларнинг тегишли ҳудуддаги давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларга юбориладиган қарорлари тавсия хусусиятига эга бўлади ва улар томонидан кўриб чиқилиб, кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёки кўрилган чора-тадбирлар ҳақида бир ойлик муддатда хабар қилиниши шарт.

IХ боб. Депутатлик фаолиятини амалга ошириш шакллари

68-модда. Кенгаш депутатининг ҳар бири сессия, доимий ва муваққат комиссиялар ишида ташаббускорлик ва фаоллик билан қатнашиши лозим. Кенгаш депутати ўз ваколатларини ишлаб чиқаришдан ёки хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда амалга оширади.

69-модда. Ҳар бир депутатлар гуруҳи сессия муҳокамасига киритилаётган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва улар юзасидан таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

Депутатлар гуруҳи тузиш тўғрисидаги ариза ва бошқа ҳужжатлар сессияга тақдим этилади. Депутатлар гуруҳи ўз фаолиятини сессияда депутатлар гуруҳини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг бошлайди.

Депутатлар гуруҳи доимий комиссиялар билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боради.

70-модда. Партия гуруҳлари сиёсий партиялардан кўрсатилган Кенгаш депутатларининг таъсис йиғилишларида ўз партияларининг сиёсатини уюшган ҳолда ўтказиш учун тузилади. Партия гуруҳлари партия гуруҳи раҳбарининг тегишли аризаси ва таъсис ҳужжатларига асосан халқ депутатлари Кенгаши томонидан рўйхатга олинади.

Партия гуруҳлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сессия кун тартибини шакллантиришда иштирок этиш;

сессия кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда партия гуруҳи вакилига кафолатланган тарзда сўз берилиши;

ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбарига, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимликнинг бўлим ва бошқармалари бошлиқларига, шунингдек тегишли халқ депутатлари Кенгаши ҳудудида жойлашган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўровлар билан мурожаат этиш;

доимий ва муваққат комиссиялар раислигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш;

сессияда муҳокама қилинаётган масала бўйича партия гуруҳининг фикрини Кенгаш депутатлари орасида тарқатиш;

вилоят ҳокими – халқ депутатлари Кенгаши раҳбарининг лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш ташаббуси;

халқ депутатлари Кенгаши депутатлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

Партия гуруҳларининг фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хизматлар кўрсатиш ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи томонидан таъминланади.

71-модда. Кенгаш депутати сессияда кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади.

Кенгаш депутати:

доимий ҳамда муваққат комиссияларга сайлаш ва сайланишга;

сессияда кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

сессия кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ва моҳияти юзасидан таклифлар ва мулоҳазалар киритишга;

халқ депутатлари Кенгаши томонидан сайланадиган, тайинланадиган ёки тасдиқланадиган мансабдор шахсларнинг номзодлари бўйича фикр билдиришга;

музокараларда иштирок этишга, маърузачи, қўшимча маърузачи ва сессияда раислик қилувчига саволлар беришга;

депутат сўрови билан мурожаат этишга;

ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ва овоз бериш сабаблари юзасидан маълумот беришга;

сессияда раислик қилувчига сессияда муҳокама қилинаётган масала юзасидан ўз нутқи, таклифи ёки мулоҳазасининг матнини топширишга;

таркибига ўзи кирган халқ депутатлари Кенгаши органининг қарорига қўшилмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини сессияда баён қилишга ёки бу ҳақда Кенгаш раҳбарига ёзма шаклда маълум қилишга;

халқ депутатлари Кенгашига ҳисобдор бўлган ёки унинг назорати остидаги ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини сессияларда эшитиш тўғрисида таклиф киритишга;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг ижро этилиши, шунингдек халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг бажарилиши юзасидан текширишлар ўтказиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқилиши учун таклиф этишга;

сессия баённомаси ва стенограммаси билан белгиланган тартибда танишишга ҳақли.

Кенгаш депутати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

72-модда. Кенгаш депутати:

сессия самарали ишлашига кўмаклашиши, сессия вақтини тежаши;

халқ депутатлари Кенгашининг регламентига риоя қилиши ва сессияда раислик қилувчининг талабларини бажариши;

фақат сессияда раислик қилувчининг рухсати билангина сўзга чиқиши;

Депутатлик одоби қоидаларига риоя қилиши;

сессияда иштирок этиши ва унинг ишида фаол қатнашиши;

ўзи таркибига сайланган доимий ёки муваққат комиссиялар мажлисларида иштирок этиши;

халқ депутатлари Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда овоз беришда шахсан иштирок этиши шарт.

Кенгаш депутати сессияда, ўзи таркибига кирган доимий ёки муваққат комиссия мажлисида иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, бу ҳақда тегишинча ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбарига, сессияда раислик қилувчига ёхуд доимий ёки муваққат комиссия раисига олдиндан хабар қилиши шарт.

73-модда. Кенгаш депутати тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жавоб юборишлари шарт.

Судларнинг раислари, прокурорлар, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарларига йўлланган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги аниқ ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Депутат сўровлари бўйича ахборот сессияда ёки доимий ёхуд муваққат комиссиялар мажлисида муҳокама қилиниши мумкин.

74-модда. Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишли ҳудуд прокурори ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилади. Сенатор этиб сайланган Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Кенгаш депутатини жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш тўғрисидаги прокурор тақдимномаси халқ депутатлари Кенгаши томонидан сессияда кўриб чиқилади, сессиялар оралиғидаги даврда эса ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинган қарор кейинчалик тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Халқ депутатлари Кенгашининг Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш масаласига доир қарори тегишли прокурорга дарҳол юборилади.

Халқ депутатлари Кенгашининг Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик беришни рад этиши унга нисбатан жиноят ишини юритишни ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазони назарда тутадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни истисно этадиган ва бундай ишларни тугатишга сабаб бўладиган ҳолат ҳисобланади.

75-модда. Кенгаш депутати Депутатлик одоби қоидаларига қатъий риоя этиши лозим. Кенгаш депутатининг ўз мақомидан фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмайди.

Депутатлик одоби қоидалари бузилган тақдирда Кенгаш депутатининг хулқ-атвори тўғрисидаги масала халқ депутатлари Кенгаши томонидан ёхуд унинг топшириғига кўра регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссия томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

Х боб. Якунловчи қоидалар

76-модда. Халқ депутатлари Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хизмат кўрсатиш тегишли ҳокимлик аппарати томонидан таъминланади.

77-модда. Тегишли ҳокимликлар Кенгаш депутатини ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари, шунингдек депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатлари билан таъминлайди.

Кенгаш депутатига техник воситалар, алоқа воситалари ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш учун шарт-шароит яратилади.

78-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг регламенти, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар халқ депутатлари Кенгаши қарори билан тасдиқланади.

Халқ депутатлари Кенгашининг регламентига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар доимий комиссиялар, депутатлар гуруҳлари, партия гуруҳлари, Кенгаш депутатлари томонидан киритилиши мумкин ва сессия кун тартиби лойиҳасига киритилади ҳамда биринчи навбатда кўриб чиқилади.

79-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг регламентида назарда тутилмаган халқ депутатлари Кенгаши фаолиятига доир масалаларни сессияда кўриб чиқиш тартиб-таомиллари сессияда Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, баённома тарзида расмийлаштирилади ва қабул қилинган кундан эътиборан амал қилади.

* Мазкур Регламентга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
2015 йил 22 июндаги КҚ-28–III-сонли қарори билан ўзгартиш
ва қўшимчалар киритилган.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
2017 йил 30 июндаги КҚ-203–III-сонли қарори билан қўшимча киритилган.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
2018 йил 25 майдаги КҚ-354–III-сонли Қарори билан ўзгартиш
ва қўшимчалар киритилган.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
2019 йил 18 июндаги КҚ-550–III-сонли Қарори билан ўзгартишлар киритилган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг

2020 йил 13 январдаги 1-сессиясининг
№ 1/VI-1-сонли қарорига 2- илова

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг

доимий комиссиялари тўғрисидаги

намунавий низом

I боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, халқ депутатлари Кенгашининг регламенти асосида ишлаб чиқилган ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг (бундан буён матнда халқ депутатлари Кенгаши деб юритилади) доимий комиссияларини шакллантириш ва ишини ташкил қилиш тартибини, улар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда ваколатларини белгилайди.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ халқ депутатлари Кенгаши сессияси муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашиш, ўз ваколатлари доирасида назорат вазифаларини амалга ошириш учун халқ депутатлари Кенгаши ўз ваколатлари муддатига халқ депутатлари Кенгаши депутатлари (бундан буён матнда Кенгаш депутатлари деб юритилади) орасидан халқ депутатлари Кенгаши доимий комиссияларини (бундан буён матнда доимий комиссиялар деб юритилади) сайлайди.

2. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида, шунингдек халқ депутатлари Кенгашининг регламенти ва халқ депутатлари Кенгаши доимий комиссиялари тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширади.

3. Доимий комиссиялар халқ депутатлари Кенгашининг сессиясида (бундан буён матнда сессия деб юритилади) Кенгаш депутатлари орасидан раис ва аъзолардан иборат таркибда сайланади. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.

4. Кенгаш депутати фақат битта доимий комиссия аъзоси этиб сайланиши мумкин.

Доимий комиссия таркибига кирмаган Кенгаш депутати унинг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.

Ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари доимий комиссиялар таркибига сайланиши мумкин эмас.

5. Доимий комиссиялар раислари ва аъзолигига номзодлар сессияга ҳоким – халқ депутатлари Кенгаши раҳбари томонидан тақдим қилинади.

Доимий комиссия раислигига номзод бўйича овоз бериш алоҳида ўтказилади.

Доимий комиссиялар аъзолигига номзодларни сайлаш номзодларнинг ҳар бирини алоҳида ёки доимий комиссиянинг бутун таркибини ялпи муҳокама қилиш йўли билан амалга оширилади, овоз беришда қарор ҳар бир номзод бўйича алоҳида ёки доимий комиссиянинг бутун таркиби бўйича Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

6. Доимий комиссиялар ўз мажлисларида очиқ овоз бериш йўли билан доимий комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан раис ўринбосарларини ва котибларини сайлайди.

7. Доимий комиссияларнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқлардан фойдаланади.

8. Доимий комиссиялар халқ депутатлари Кенгаши олдида масъул ва ҳисобдордир.

9. Кенгаш депутатининг доимий комиссиядаги ваколатлари унинг илтимосига кўра, шунингдек унинг ўз вазифаларини бажаришга имкон бермайдиган ҳолатлар муносабати билан муддатидан илгари тугатилиши мумкин.

Доимий комиссия раисининг таклифи бўйича доимий комиссия таркибидаги ўзгартишлар сессияда кўриб чиқилади.

10. Доимий комиссиялар сони ва таркиби сессияда белгиланади.

Халқ депутатлари Кенгаши таркибида, қоида тариқасида, қуйидаги доимий комиссиялар тузилиши мумкин:

маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича;

қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича;

ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича;

саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича;

аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича;

регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича.

Зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши томонидан янги доимий комиссиялар тузилиши ва илгари ташкил қилинган доимий комиссиялар тугатилиши, доимий комиссияларнинг таркибига ўзгартишлар киритилиши мумкин.

II боб. Доимий комиссиялар фаолиятининг асосий йўналишлари

11. Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия:

маҳаллий бюджет лойиҳаси, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифлар, шунингдек маҳаллий бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни дастлабки тарзда кўриб чиқади, бошқа доимий комиссиялар билан биргаликда хулосалар тайёрлайди, мазкур масалалар юзасидан сессияда маърузалар ва қўшимча маърузалар билан чиқади;

иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ишлаб чиқишда иштирок этади, ўз ваколатлари доирасида таклифлар киритади;

тадбиркорлик соҳасида хусусий ва оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш инфратузилмасини шакллантиришга, тадбиркорлик субъектлари учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этишга, янги иш ўринлари яратишга кўмаклашади;

бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларини ўрганади, улар бўйича тавсиялар тайёрлайди;

маҳаллий бюджет ижроси, бюджетдан ташқари ва мақсадли фондлардан мақсадли фойдаланиш тартиби устидан назоратни амалга оширади;

маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромад захиралари ва манбаларини аниқлаш бўйича иш олиб боради;

маҳаллий солиқлар ва маҳаллий бюджетга тушадиган бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларнинг миқдорларини белгилаш ва бериш масалаларини кўриб чиқади ва хулосалар беради;

ҳокимликнинг тузилиши, штатлари ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди тўғрисидаги ҳоким – халқ депутатлари Кенгаши раҳбари тақдимномасини дастлабки тарзда кўриб чиқади;

халқ депутатлари Кенгашининг режалаштириш ва бюджет-молиявий фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни кўриб чиқишда қатнашади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

12. Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссия:

халқ депутатлари Кенгаши томонидан режалаштирилаётган дастурларни, шунингдек вилоят, туман, шаҳар ҳудудида (бундан буён матнда тегишли ҳудудда деб юритилади) қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

тегишли ҳудудда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганади ҳамда ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

коррупция кўринишларининг намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига мунтазам равишда ахборот киритиб боради;

ўз ваколатига тааллуқли бўлган халқ депутатлари Кенгашининг дастурлари ва ҳоким қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқишда қатнашади ва хулосалар беради;

ҳокимлик бўлимлари ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ахборотини эшитади, тавсиялар киритади ва уларнинг ижросини назорат қилади;

ҳоким – халқ депутатлари Кенгаши раисининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссияси эса тегишли вилоят ҳудудида жойлашган халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқади;

оммавий ахборот воситалари, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади, тегишли ҳудудда жамоат тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;

фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг тегишли ҳудудда қонунийлик ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши масалаларига оид мурожаатларини кўриб чиқади, шунингдек тегишли давлат органларига сўровлар юборади ва доимий комиссия қарорларининг бажарилишини назорат қилади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

13. Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссия:

тегишли ҳудудни ижтимоий-маданий ривожлантириш дастурларининг лойиҳаларини, шунингдек уларнинг бажарилиши ҳақидаги ҳисоботларни дастлабки тарзда кўриб чиқади, бошқа доимий комиссиялар билан биргаликда хулосалар тайёрлайди, мазкур масалалар юзасидан сессияда маъруза ва қўшимча маърузалар билан чиқади;

тегишли ҳудудни ижтимоий-маданий ривожлантириш дастурлари бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

ҳокимлик бўлим ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ахборотини эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

анъанавий халқ ижодиёти марказлари, аҳолининг миллий-маданий анъаналари, бадиий ҳунармандчиликни ривожлантириш учун шароитлар яратишга кўмаклашади;

тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, маҳаллий даволаш-профилактика муассасаларини, шу жумладан табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

фармацевтика соҳаси самарали фаолият юритиши бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

тегишли ҳудудда аҳолининг ижтимоий ҳимояланганлик ҳолатини таҳлил қилади, аҳолининг ижтимоий ҳимояланганлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

бюджет маблағлари ва корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларнинг хайрия бадаллари ҳисобидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини белгилашда иштирок этади;

ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, кўп болали оилалар ҳамда кекса фуқароларнинг уй-жой ва моддий-маиший шароитларини яхшилаш бўйича қонун ҳужжатларида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек ишга жойлаштириш тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш соҳасидаги дастурларни дастлабки тарзда кўриб чиқади ва ишлаб чиқишда қатнашади;

таълим тизимининг ҳолатини таҳлил ва назорат қилади, таълим сифатини янада яхшилаш, мактаблар, лицейлар, коллежларда ва олий ўқув юртларида ўқув-тарбия жараёнини демократлаштиришни ривожлантириш бўйича тавсиялар киритади;

таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқув-тарбия жараёни қатнашчиларини соғломлаштириш ва моддий рағбатлантириш масалаларини ҳал қилишга кўмаклашади, таълим соҳаси ходимларининг ижтимоий масалаларини ҳал қилиш учун пул маблағлари ажратилиши ташаббуси билан чиқади;

кадрлар тайёрлашни яхшилаш, тегишли ҳудуднинг интеллектуал салоҳиятини сақлаб қолиш мақсадида халқ депутатлари Кенгашининг олий ўқув юртлари билан ҳамкорлиги масалаларини дастлабки тарзда ўрганади ва уни кучайтириш бўйича таклифлар киритади;

жисмоний тарбия ва спорт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, спортни ривожлантириш, шунингдек аҳоли турар жойларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратиш масалаларини ўрганади;

ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ишга жойлаштириш, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича муаммоларни таҳлил қилади ва бу борадаги чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

маданият муассасалари тармоғини ривожлантиришга кўмаклашади, уларнинг ёшларни эстетик тарбиялашдаги ролини ошириш бўйича таклифлар киритади;

ёшлар билан ишлашнинг шакл ва усулларини такомиллаштириш билан боғлиқ масалаларни халқ депутатлари Кенгаши томонидан тайёрлашда ва кўриб чиқишда таклифлар киритади;

ҳокимлик бўлим ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ахборотини эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, вояга етмаганлар устидан васийлик ва ҳомийлик, ёшларни касбга йўналтириш бўйича ишларни назорат қилади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

14. Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссия:

тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги ва аҳолига хизмат кўрсатишни ривожлантириш қисмини дастлабки тарзда кўриб чиқади ва тайёрлашда қатнашади;

тегишли ҳудуднинг бош режаси ва қурилиш қоидалари лойиҳаларини кўриб чиқишда иштирок этади;

коммунал соҳа, транспорт ва алоқа ҳолатини ўрганади, аҳолига коммунал ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, шаҳар транспортини ривожлантириш бўйича таклифлар киритади;

ҳокимлик бўлим ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ахборотини эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

савдо, умумий овқатланишни ташкил қилиш, истеъмол бозорлари фаолияти билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;

бозорлар ишини оптималлаштириш, саноат ва озиқ-овқат молларини реализация қилиш, тегишли ҳудудда ярмаркалар ташкил қилиш бўйича таклифлар киритади;

ёқилғи-энергетика таъминоти, сув таъминоти, оқова сувларни четга чиқариб юбориш ва тозалаш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва утилизация қилиш масалаларини кўриб чиқади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

15. Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссия:

аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича дастурларни дастлабки тарзда кўриб чиқади ва тайёрлашда қатнашади;

ердан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва қайта ишлов бериш, табиий муҳитни яхшилаш бўйича ижтимоий-иқтисодий ва ташкилий-хўжалик шароитлари масалаларини кўриб чиқади;

деҳқон ва фермер хўжаликлари, саноат корхоналари, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ўртасидаги ишлаб чиқариш алоқаларини ўрганади ва уларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар киритади;

табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан cамарали фойдаланиш устидан назоратни амалга оширади;

қишлоқ хўжалиги ҳамда деҳқон ва фермер хўжаликларини самарали ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш бўйича таклифлар киритади;

ўз ҳудудидаги сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилашда, шунингдек сув ресурсларидан фойдаланишни тартибга солиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда иштирок этади;

сув объектлари ҳолатини сақлаш ва яхшилаш, уларга зарарли таъсир кўрсатилишини олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек авариялар, тошқин, сел ва табиий офатлар натижасида вайрон бўлган объектларни тиклаш юзасидан таклифлар киритади;

зарур ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ экологик экспертиза ўтказиш бўйича таклифлар киритади;

ҳокимлик бўлим ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ахборотини эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

16. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий комиссия:

халқ депутатлари Кенгаши томонидан режалаштирилаётган дастурларни, шунингдек тегишли ҳудудда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларига тааллуқли масалалар бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

тегишли ҳудудда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;

тегишли ҳудудда қонунлар, давлат ва ҳудудий дастурлар, шунингдек маҳаллий Кенгаш ва ҳоким қарорларининг ижро этилиши юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлайди;

нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга доир масалалар юзасидан тегишли ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиб боради;

ўз ваколатига тааллуқли бўлган халқ депутатлари Кенгашининг дастурлари ва ҳокимлик қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқишда қатнашади ва хулосалар беради;

тегишли ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш юзасидан таҳлиллар олиб боради ва тегишли таклифлар тайёрлайди;

оммавий ахборот воситалари, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади, тегишли ҳудудда жамоат тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

17. Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссия:

Кенгаш депутатининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шу жумладан уни чақириб олиш тўғрисидаги, Кенгаш депутатини жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга тегишинча вилоят, туман, шаҳар прокурорининг тақдимномаси бўйича розилик бериш ҳақидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқади ва халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқишга тайёрлайди;

халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссиялари, бошқа органларини ташкил қилиш ва тугатиш ҳақидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқади;

халқ депутатлари Кенгашининг топшириғига мувофиқ Кенгаш депутати томонидан қонун ҳужжатлари, ахлоқ нормалари ва Депутатлик одоби қоидаларини бузиш фактлари бўйича материалларни кўриб чиқади ҳамда мазкур масала бўйича хулоса тақдим қилади;

халқ депутатлари Кенгашининг регламенти лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун киритади, шунингдек унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссиялари тўғрисидаги низомлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

Депутатлик одоби қоидалари лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун сессияга киритади, шунингдек унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

сайловчиларнинг депутатлар томонидан Депутатлик одоби қоидаларини бузиш билан боғлиқ шикоятларини кўриб чиқади;

Кенгаш депутатлари, бошқа шахслар томонидан халқ депутатлари Кенгашининг регламенти нормаларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади ва уни бузиш ҳолатлари мавжуд бўлганда, уларни бартараф қилиш чораларини кўради;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

III боб. Доимий комиссиялар ишини ташкил этиш

18. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини сессияда тасдиқланадиган иш режалари асосида амалга оширадилар. Доимий комиссиянинг иш режаси халқ депутатлари Кенгашининг иш режаси билан белгиланган тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ ишлаб чиқилади.

Доимий комиссиянинг ташаббуси билан доимий комиссиянинг иш режасига тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Доимий комиссиянинг иш режасидаги ўзгартишлар навбатдаги сессияда тасдиқланади.

19. Доимий комиссиялар ўз ишларини масалаларни биргаликда, эркин муҳокама қилиш ва ҳал этиш, ошкоралик ҳамда доимий комиссиялар аъзоларининг кенг ташаббускорлиги асосида ташкил этадилар.

20. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини мажлис шаклида амалга оширадилар.

Доимий комиссияларнинг мажлислари, қоида тариқасида, ойда камида бир марта ўтказилади.

Доимий комиссиянинг мажлислари раис, раис йўқлигида эса раис ўринбосарининг ташаббуси билан, шунингдек комиссия аъзолари кўпчилиги томонидан чақирилиши мумкин.

Доимий комиссияларнинг қўшма мажлислари улар ўртасидаги келишувга мувофиқ ўтказилади.

21. Доимий комиссиялар мажлисларида иш давлат тилида олиб борилади.

22. Доимий комиссияларнинг мажлислари, башарти уларда доимий комиссия таркибининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Доимий комиссия аъзоси мажлисда иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, бу ҳақда доимий комиссия раисига олдиндан хабар қилиши шарт.

23. Доимий комиссиялар мажлислари кун тартиби лойиҳасига доимий комиссиялар иш режаларидаги масалалар, халқ депутатлари Кенгаши қарорларида белгиланган масалалар, шунингдек доимий комиссиялар аъзолари томонидан таклиф қилинган масалалар киритилади.

Кун тартиби лойиҳаси ва мажлисни олиб бориш тартиби доимий комиссия раиси томонидан эълон қилинади ва муҳокама қилингандан сўнг тасдиқланади.

24. Доимий комиссия мажлисларида баённомалар юритилади.

Мажлис баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

доимий комиссиянинг номи, мажлиснинг тартиб рақами;

мажлис ўтказиладиган вақт, сана ва жой;

ҳозир бўлган ва қатнашмаётган доимий комиссия аъзоларининг сони, шунингдек таклиф этилган шахслар сони;

мажлиснинг кун тартиби, мажлисда кўриб чиқиш учун киритилган ҳар бир масала юзасидан ҳар бир маърузачи ҳамда қўшимча маърузачининг фамилияси ва лавозими;

кун тартибига мувофиқ муҳокама қилинаётган масалаларнинг моҳияти;

«ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб берилган овозлар сони кўрсатилган, қабул қилинган қарорлар рўйхати.

Мажлис баённомасига мажлисда ҳозир бўлган ва қатнашмаётган доимий комиссия аъзолари рўйхати, таклиф этилган шахслар рўйхати, маърузалар матнлари ва бошқа материаллар илова қилинади.

Доимий комиссия мажлисининг баённомаси мажлис тугаганидан сўнг уч кундан кечиктирмай расмийлаштирилади. Баённома комиссия раиси ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс ва доимий комиссия котиби томонидан имзоланади.

25. Доимий комиссия мажлисини самарали олиб бориш учун, қоида тариқасида, маъруза учун 20 дақиқа доирасида, қўшимча маъруза учун 10 дақиқага қадар, музокараларда сўзга чиқувчиларга 5 дақиқадан 7 дақиқагача, ахборот ёки маълумот бериш учун эса 3 дақиқага қадар вақт берилади.

26. Доимий комиссияларнинг мажлислари очиқ ўтказилади. Доимий комиссия ёпиқ ёки сайёр мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Мажлисларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, шунингдек тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситаларининг таклиф қилинган вакиллари ва бошқа шахслар иштирок этиши мумкин.

Мажлисга таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек улар раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунишлари шарт.

Мажлисга таклиф қилинаётган шахсларнинг сони ва таркиби доимий комиссия раиси томонидан ҳал этилади.

Мажлисда раислик қилувчи мажлисга таклиф қилинган шахслар таркиби ва сони тўғрисида доимий комиссия аъзоларини хабардор қилади.

27. Доимий комиссиялар масалаларни тайёрлаш ва уларни пухта ишлаб чиқиш учун Кенгаш депутатлари орасидан, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, мутахассислар ва олимлардан иборат ишчи гуруҳлар тузишга ҳақли.

28. Доимий комиссиялар ўзларига тааллуқли масалаларни кўриб чиқиш вақтида тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва бир хил мажбуриятларга эгадирлар.

29. Доимий комиссияларнинг аъзолари комиссиялар фаолиятида иштирок этишлари, уларнинг қарорларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашишлари, доимий комиссияларнинг топшириқларини бажаришлари шарт. Доимий комиссиялар аъзолари ҳар чоракда доимий комиссия раисига доимий комиссия иш режасида назарда тутилган тадбирларнинг ижро этилиши бўйича ўз фаолияти якунлари ва депутатлик вазифаларини бажариш натижалари тўғрисида ёзма ҳисоботлар тақдим этадилар.

Доимий комиссиялар аъзолари ўз ваколатларини ишлаб чиқариш ёки хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда амалга оширадилар. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари доимий комиссиялар аъзоларини улар ўз депутатлик вазифаларини бажарадиган вақтда, уларнинг иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда, ишдан озод қилишлари шарт. Депутатлик вазифаларини бажараётган вақтда доимий комиссиялар аъзоларининг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

30. Доимий комиссиянинг аъзоси кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади, уларни тайёрлаш, муҳокама қилиш ва қарорлар қабул қилишда, шунингдек халқ депутатлари Кенгашининг, доимий комиссиянинг қарорлари бажарилишини ташкил этишда иштирок этади. Доимий комиссиянинг ҳар бир аъзоси бир овозга эга ва муҳокама қилинаётган масала юзасидан «ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб овоз беради. Доимий комиссия мажлисида иштирок этаётган доимий комиссиянинг ҳар бир аъзоси муҳокама қилинаётган масала бўйича овоз беришда иштирок этишга мажбур.

31. Доимий комиссия аъзосига доимий комиссия томонидан кўриб чиқилаётган барча масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этиш учун шароит яратиб берилади, унга зарур ҳужжатлар ёки бошқа материаллар олдиндан юборилади. Доимий комиссия аъзолари доимий комиссия мажлиси ўтказиладиган вақт, сана, жой ва кун тартиби тўғрисида олдиндан хабардор қилинади.

Доимий комиссия аъзолари доимий комиссия томонидан жойларда кўриб чиқилиши лозим бўлган масалаларни ҳоким – халқ депутатлари Кенгаши раҳбари, доимий комиссия раисининг топшириғига биноан ёки ўз ташаббуси билан ўрганади, ушбу масала юзасидан давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролардан келган таклифларни умумлаштиради, уларни доимий комиссия мажлисида муҳокама қилади ва таклифлар киритади.

32. Бир нечта доимий комиссияларга тааллуқли масалалар доимий комиссиялар томонидан биргаликда тайёрланиши ва кўриб чиқилиши мумкин.

Доимий комиссияларнинг қўшма мажлисларини доимий комиссиялар раислари ўзаро келишув асосида олиб борадилар.

Доимий комиссия ўзи кўриб чиқаётган масалалар юзасидан бошқа доимий комиссияларнинг фикрини сўраб олиши мумкин.

Бошқа доимий комиссияларнинг илтимосига биноан доимий комиссия ўзига тааллуқли масалалар бўйича ушбу доимий комиссиялар томонидан кўриб чиқилаётган масалаларни тайёрлашда иштирок этиши мумкин.

33. Айни бир масала бўйича доимий комиссияларнинг фикри турлича бўлган тақдирда улар келишмовчиликларни бартараф этиш чораларини кўрадилар. Агар муросага келинмаса, ушбу масалани тайёрлашга масъул бўлган доимий комиссиянинг қарори узил-кесил ҳисобланади.

34. Доимий комиссияларда барча масалалар доимий комиссия аъзолари умумий таркибининг кўпчилик овози билан ҳал этилади.

Бир нечта доимий комиссияларнинг қўшма мажлислари ўтказилганда қарор ҳар бир доимий комиссияда кворум мавжуд бўлган ҳолда мажлисда қатнашаётган доимий комиссиялар аъзолари умумий таркибининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

35. Доимий комиссиялар кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий хусусиятга эга бўлган қарорлар қабул қилади ёки халқ депутатлари Кенгаши қарор лойиҳалари бўйича ўзига тааллуқли масалалар юзасидан хулосалар беради.

36. Доимий комиссияларнинг қарорлари, хулосалари ва баённомалари доимий комиссия раиси томонидан имзоланади.

Доимий комиссиялар томонидан қабул қилинган қўшма қарорлар, улар томонидан биргаликда тайёрланган хулосалар, шунингдек қўшма мажлисларнинг баённомалари уларнинг раислари томонидан имзоланади.

37. Доимий комиссиялар томонидан қабул қилинган қарорлар тегишли давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва манфаатдор шахсларга юборилади.

38. Доимий комиссияларнинг қарорлари қайси давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларга нисбатан қабул қилинган бўлса, улар томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Доимий комиссия қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, кўриб чиқиш натижалари ёки кўрилган чоралар ҳақида доимий комиссияларга бир ойлик муддатда хабар қилиниши лозим. Доимий комиссиялар қарорларини кўриб чиқиш якунлари доимий комиссиялар мажлисларида, зарур ҳолларда эса сессияларда кўриб чиқилади. Зарур ҳолларда доимий комиссия мажлисида унинг қарори ижро этилиши муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.

39. Доимий комиссия қарорларининг бажарилишининг бориши юзасидан назорат доимий комиссия раиси ёки қарорда кўрсатилган доимий комиссия аъзоси томонидан амалга оширилади.

IV боб. Доимий комиссияларнинг ваколатлари

40. Доимий комиссиялар сессиялар кун тартибига доир таклифларни шакллантиришда иштирок этадилар.

41. Доимий комиссиялар ўзларига тааллуқли масалалар бўйича давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслардан ҳужжатлар, ёзма хулосалар, ҳисобот маълумотлари ва бошқа материалларни сўраб олишга ҳақли.

42. Доимий комиссиялар тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларини ўз мажлисларига таклиф этиш ҳамда уларнинг халқ депутатлари Кенгаши қарорлари ва доимий комиссиялар тавсияларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини тинглаш ҳуқуқига эга.

Доимий комиссиялар тегишли органлар ва ташкилотларни кўриб чиқиладиган масалалар хусусида олдиндан хабардор қиладилар.

43. Доимий комиссиялар ўрганиб чиқиш учун ўзларига берилган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш якунлари юзасидан халқ депутатлари Кенгашига ўз қарорлари ёки хулосаларини тақдим этадилар.

44. Халқ депутатлари Кенгашининг топшириғига биноан, доимий комиссиялар Кенгаш депутатлари билдирган таклифлар, танқидий мулоҳазалар ва сўровларнинг амалга оширилишини назорат қиладилар.

45. Доимий комиссия раиси:

зарур материаллар тайёрланишини ташкил этади, комиссия мажлисини чақиради, мажлис ҳақида комиссия аъзолари ва бошқа иштирокчиларни хабардор қилади;

доимий комиссия мажлисларида раислик қилади;

доимий комиссиянинг иш режаси лойиҳасининг тайёрланишини ташкил этади;

доимий комиссия аъзолари, шу жумладан раис ўринбосари ва доимий комиссия котиби ўртасида ишларни тақсимлайди ҳамда улар фаолиятини йўналтиради;

доимий комиссия аъзоларига топшириқлар беради, уларга доимий комиссиянинг фаолияти билан боғлиқ материаллар ва ҳужжатларни юборади;

доимий комиссия аъзоларини ишчи гуруҳларнинг ишида қатнашиш, шунингдек доимий комиссиянинг бошқа топшириқларини бажариш учун таклиф қилади;

давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларини, мутахассислар ва олимларни доимий комиссия ишида иштирок этиш учун таклиф қилади;

сессияларда, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бўладиган муносабатларда доимий комиссия номидан вакиллик қилади;

доимий комиссия фаолияти тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ва сессияда ҳисобот беради;

доимий комиссия қарорларининг ижро этилиши юзасидан ишларни ташкил этади;

халқ депутатлари Кенгашига, ҳокимга – халқ депутатлари Кенгаши раҳбарига уларнинг топшириқлари бажарилиши юзасидан ахборот беради;

доимий комиссия аъзоларини улар томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилганлиги ва тавсиялари кўриб чиқилганлиги тўғрисида хабардор қилади;

бошқа доимий комиссиялар билан биргаликда ишлар олиб борилишини ташкил қилади;

доимий комиссия мажлиси қарорлари, хулосаслари ва баённомаларини имзолайди;

ўз ваколати доирасида бошқа вазифаларни амалга оширади.

46. Доимий комиссия раисининг ўринбосари раиснинг топшириғига кўра унинг айрим вазифаларини бажаради ва раис йўқлигида ёки унинг ўз вазифаларини амалга оширишга имкони бўлмаган ҳолларда раис вазифасини бажаради.

47. Доимий комиссия котиби:

доимий комиссия иш режасининг лойиҳасини тайёрлайди;

доимий комиссия иш режасининг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

доимий комиссия иш юритуви учун жавоб беради, ҳокимликнинг тегишли бўлимига ҳужжатларни сақлаш учун ўрнатилган тартибда топширади;

доимий комиссия мажлиси баённомасини юритади ва уни имзолайди;

доимий комиссия фаолияти билан боғлиқ бошқа вазифаларни бажаради.

V боб. Якунловчи қоидалар

48. Доимий комиссиялар фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли ҳокимлик аппарати томонидан таъминланади.

49. Тегишли ҳокимликлар доимий комиссияларни ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари, шунингдек доимий комиссиялар фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатлари билан таъминлайди.

50. Доимий комиссиялар тўғрисидаги низомни қабул қилиш, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш масалалари юзасидан қарорлар сессияда Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

* Мазкур Низомга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
2018 йил 25 майдаги КҚ-354–III-сонли Қарори билан ўзгартиш
ва қўшимчалар киритилган.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
2019 йил 18 июндаги КҚ-550–III-сонли Қарори билан ўзгартишлар киритилган.

Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.